Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар ким меҳр ва эътиборда
13:36 / 2025-08-23

Хоразм вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт тарзини янада яхшилашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Буни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан амалга оширилаётган хайрли лойиҳалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

2025 йилнинг илк ярмида бўлимга жами 277 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шуларнинг 233 таси ижобий ечим топди. Бу эса маҳалла жамиятнинг кўмакка муҳтож ҳар бир аъзоси учун етарли эътибор қаратилаётганидан далолат беради. Қолган мурожаатлар эса ўрганиб чиқилиб, эгаларига аниқ тушунтиришлар берилган.

– Яқинда Шовот тумани “Эшонқаъла” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилафруз Бабажонованинг ҳам мурожаатига кўра, унга электрон ногиронлар аравачаси топширилди,  – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошлиғи Исломбек Матчонов. – Айни дамда  ушбу аравача Бабажонованинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, ҳаракат мустақиллигини ошириш ва ижтимоий фаоллигини таъминлашга хизмат қилмоқда.  

Дарҳақиқат,  Д. Бабажонованинг ҳаётида бу ёрдам катта аҳамиятга эга бўлиб, у оиласи учун зарур маҳсулотларни бозордан харид қилиш, уй ишларини бажариш каби муҳим вазифаларни ўз зиммасига олиб, жисмоний имконияти чекланганлигини ҳам унута бошлади.  

– Маҳалла хайрия жамоат фондининг ушбу кўмаги учун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорчилигимни билдираман, – дейди Дилафруз Бабажонова. – Ҳозир бозорга, меҳмонга ва тонги сайрга ҳеч кимнинг кўмагисиз ўзим бориб келяпман. Соғинсам дугоналаримни, қариндошларимни кўргани бораман. Ҳаётга, ўзимга бўлган ишончим ортди. Бу аравача нафақат мени ҳаётга қайтарди, балки давлатимиз сиёсати ва жамиятимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор ҳамда ғамхўрликнинг амалдаги исботи бўлди.  

Таъкидлаш лозим, фонд вилоятдаги соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам муҳим қўллаб-қувватлаш ишларини амалга оширмоқда. Масалан, юрак касаллиги билан оғриган Клара Оллаёрованинг жарроҳлик амалиётига молиявий ёрдам кўрсатилди. Бу орқали унинг соғлиғини тиклашига катта имконият яратилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бўлган эътибор ҳам  тўхтаб қолмаган.  Хусусан, Боғот тумани Боғзор маҳалласида ишсиз бўлган тўрт нафар фуқарога тикув машиналари ва 30 бош парранда олиб берилди. Эндиликда  тўрттала маҳалладош аёл ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлаш имконига эга бўлди. Бу каби лойиҳалар аҳоли бандлигини ошириш ва ижтимоий муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур саъй-ҳаракатлар вилоятда ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлашда, фуқароларнинг ҳаёт сифатини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат),

ЎзА мухбирлари