Халқ таълими малака ошириш тизими тубдан трансформация қилиниб, педагог ходимларнинг узлуксиз малака ошириши белгиланди. Бу борадаги амалий ишлар ўз самарасини ҳам бермоқда.
Педагог учун имконият эшиклари очилди, билимини ошириш, фойдаланиш манбаалари анча кенгайди, малака ошириш соддалаштирилди, енгиллаштирилди. Якуний малака иши олиб ташланди.
Улар истаган жойда, истаган вақтда, қулай шароитда ўтириб, "Узлуксиз касбий таълим" платформасида малака ошириши, тестларни ечиши, агарда, тестлардан ўта олмаса яна қайта- қайта топшириш имкониятига эга бўлди.
2022 йил январь ойидан то бугунги кунга қадар платформада 547 914 нафар педагог ходим тизимда рўйхатдан ўтиб, шундан 80 фоиздан ортиғи сертификат олди.
2022 йил якунланишига оз қолди. Афсуски, шунча имкониятлардан фойдалана олмаган ўқитувчиларимиз ҳам йўқ эмас.
Йил давомида малака оширмай, 11 ой давомида ҳаракат қилмай, йил тугашига 10 кун қолганда шошиб, “бажардингми бажардим” қабилида иш тутаётган, натижада ўзларини ҳам тизим ходимларини ҳам қийин вазиятда қолишига сабаб бўлаётган устозларимиз ҳам бор.
Бундай ҳолатда платформанинг ортиқча босим билан ишлаши оқибатида муаммолар юзага келади. Вақтдан ютқизилади, ечим мушкуллашади.
Тўғри, янги тизимга мослашиш бироз вақт талаб қилиши мумкин, аммо вақтида тўғри хулоса чиқариш ўта муҳим.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти жамоаси устоз-мураббийлардан келгуси йилда яратилган имконият ва шароитдан тўғри фойдаланишларини, ўз вақтида малака оширишларини сўрайди. Сертификат олган барча устозларга муваффақият ёр бўлсин. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек: “Тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади”.
ЎзА