Картошка ва пиёз кундалик истеъмол қилинадиган сабзавот маҳсулотлари ҳисобланади. Шу боис ҳам ушбу маҳсулотларни етиштиришга алоҳида этибор қаратилади.
Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Жилғалисой шабадаси” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мирзаев бу йил пиёз етиштиришда рекорд натижага эришди. Фермер ҳар гектар майдондан 150 тоннадан ҳосил олиб, бу борада янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ЎзАга маълум қилди.

Маълумотларга кўра, фермер жорий йилда тик қудуқ қазиб, ўз далаларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган. Фермер хўжалиги далаларида ўзи етиштирган маҳаллий пиёз уруғларини экиб, томчилатиб суғориб парваришлаган.
– Меҳнатларимиз ўз самарасини кўрсатаётганидан хурсандмиз, – дейди фермер. – Бу йилги натижа билан тўхтаб қолиш ниятимиз йўқ, кейинги йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий тадқиқот институтлари олимлари билан биргаликда гектаридан 160 тонна ҳосил олишни режа қилганмиз. Кейинги 3 йилда ҳосилни янада кўпайтириб, гектаридан 200 тоннагача ҳосил олишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Дарҳақиқат, бугунги иқлим шароити, сув танқислиги каби муаммолар мавжуд бўлишига қарамай, фермер-деҳқоннинг юқори ҳосил олишга эришгани эътиборга молик. Бу каби натижалар бозорларимиз тўкинлигини ва нарх-навонинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА мухбири.