Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар биримизнинг эришган ютуқларимиз юртимизнинг муваффақиятидир
19:54 / 2022-01-01

Юртимизнинг муваффақияти ҳар биримизнинг эришган ютуқларимиз йиғилмасидир.

 Демак, Ўзбекистонимиз муваффақиятини ошириш учун ҳар биримиз ўз ютуқларимиз билан ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Шукурки, 2021 йил мен учун хайрли бошланди. «Адабиёт зиёси» газетасининг 1-сонида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган туркум шеърларим эълон қилинди. Бу ғайратимга ғайрат қўшди, Ҳазрат Навоийга бағишланган драмамнинг навбатдаги саҳналарини кўтаринки руҳда қоғозга тушира бошладим.

Атоқли авар шоири Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» китоби чиққандан бери ҳамкасбларимиз ундаги доғистонлик рассомга оид ҳикоятдан ижодий фойдаланишмоқда. Лекин улар ҳикоятдаги тилга боғлиқ қисмига тўхталиб, Ватанга оид ибратли фикрларга эътибор қаратишмаяпти. 

Мен айнан Ватанга оид шу фикрлардан илҳомланиб ёзган «Фонийлик ва мангулик» шеъримни якунлаб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этдим. Расул оға асарларидан қилган таржималаримни жамлаб, «Янги аср авлоди» нашриётига топширдим ва яқинда бу таржималарим «Буюк туйғу» номи билан китоб ҳолида босмадан чиқди.

Машҳур болқор шоири Қайсин Қулиевнинг бир қанча асарларини она тилимизга ўгирдим ва улар аллақачон ўқувчилар қўлига етиб борди. Айниқса, Қайсин оғанинг қирқ йил илгари Абдулла Орипов ҳақида билдирган илиқ фикрлари кўпчиликда ёқимли таассурот қолдирди.

Гап устозлар тўғрисида кетганда, улар олдидаги қарзимизни узиш ҳақида ўйлаш бурчимиздир. Ўсиб-улғайишимга ёрдам берган муҳтарам устозларимга бағишланган «Азиз замондош» шеърим устозлар байрами арафасида «Маърифат» газетасида чиққани қувончимга қувонч қўшди.

Бутун дунёда шеър ва достонлари севиб мутолаа қилинадиган таниқли рус шоири Роберт Рождественскийнинг она тилимизда «Севги садоси» китоби чиқишига мақола ва таржималарим билан ҳисса қўшганимдан бахтиёрман. Албатта, узоқ йиллардан буён ёзиб келаётган «Ҳазрат Навоий» драмамни Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги нишонланган йилда ниҳоясига етказа олганимдан кўнглим тоғдай юксалди.

Бир журналист сифатида «Олимпиадага саёҳат учун борилмайди» мақоламни ҳамкасбларимиз қизғин кутиб олгани ва муҳокама этгани хурсанд қилди. Лекин ҳамкасбларим «Башар, сизни севиш учун туғилдим», «Қирқ йиллик қадрдоним» каби мақолаларимни ёки «Буюк туйғу», «Севги садоси» китобларини ўқиб чиққанини айтишганда бир ижодкор сифатида кўпроқ хурсанд бўлардим.

Ҳаёт йўллари фақат шодликлардан иборат эмас. Шу йил ҳам сабр-бардошимни синаш учун менга ҳам қайғу-ташвишлар ташланишди. Бироқ, 2021 йилдан миннатдорман. Бу йил менга янги драма, шеър, таржима, мақола, китоблар туҳфа этди ва лекин кириб келаётган 2022 йилдан ҳам умидим катта. Ўйлайманки, шу йил «Ҳуррият» газетасида чиққан қуйидаги мисраларим сизга орзуларимни етказади.

Ҳали измимда бор вақтим, имконим,

Мендан рози бўлар Ўзбекистоним.

Авж пардада битар шеъру достоним,

Чунки сени жуда севаман ҳаёт!

Кириб келган 2022 йил юртимизга, барчамизга файзу баракот олиб келсин, эзгу ниятларимиз рўёбга чиқсин.

Асрор МЎМИН,

шоир ва таржимон,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист