Ўзбек адабиётида азалдан Садриддин Айний, Мирзо Турсунзода каби кўплаб бошқа тожик миллати вакиллари ўзбек ёзувчи ва шоирлари қаторида фаолият юритиб келган. Сурхондарёлик Хусрав Ҳамидов ҳам тожик тилини она тили деб билади, лекин бу унинг ўзбек тилида ёзиш ва илмий изланишлар олиб боришига, ўзбек адабиёти намуналарини таржима қилишга тўсқинлик қилмайди...
Хусрав Ҳамидов Самарқанд давлат университетини тамомлагач, Тошкент давлат шарқшунослик институти аспирантурасига ўқишга кириб, илм-фан билан шуғулланган. Илмий ишлари унга “Жалолиддин Румий “Маснавий-йи Маънавий”идаги қиссалар генезиси, мазмуни ва композицион тузилишини қиёсий таҳлил қилиш” мавзусида илмий диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилишга имкон берди. Бу меҳнати туфайли Ҳ.Ҳамидов филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлди.
Ҳ.Ҳамидов Румийнинг “Маснавий-йи Маънавий” тадқиқотида бошқа олимларнинг эътиборидан четда қолган масалаларга алоҳида урғу берган, бир неча ҳикоятларнинг генезисини аниқлаб, илмий хулосаларини тақдим этган. Сўнгра у илмий-педагогик фаолиятини давом эттирди. Илмий мақолалари Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Ҳиндистон, Чехия ва бошқа мамлакатларнинг нуфузли илмий журналларида ўзбек, форс-тожик, рус ва инглиз тилларида чоп этилган. У Мовароуннаҳр ҳудудида яшаб ўтган олим ва адиблар ижодий меросига бағишланган халқаро илмий анжуманларда маърузалар билан қатнашиб келади. Унинг ташаббуси билан Муҳаммад Юсуф Маюсийнинг “Таҳаллои ишк” ("Муҳаббат қиссаси"), Сўфи Ҳисорийнинг “Жушиши дарёи дарс”, “Сарводайи Сурхон” каби шеърий тўпламлар нашр этилди.
2007 йилда ижодкор ўқитувчилар танловида фаол иштироки учун “Халқ таълими аълочиси” фахрий унвони билан ҳам тақдирланган. 2017–2018 йилларда умумтаълим мактабларининг 10–11-синфларига мўлжалланган тожик тили ва адабиёти фанидан ўқув-услубий қўлланмалар яратишда фаол иштирок этган, ўнлаб дарсликларни таржима қилган.
Ҳ.Ҳамидов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. У меҳнат фаолиятини “Бохтар”, “Ховар”, “Овози тожик” газеталари таҳририятларида журналистикадан бошлаган ва бу соҳада масъул лавозимларда ишлаган бўлса-да, лекин бари бир адабиётга ҳамиша интилган.
У “Навои Хусравий”, “Лифофаи набзҳо”, “Ду ракат ишк” шеърий тўпламлар муаллифи. Унинг шеърлари таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаблар учун дарсликларга киритилган. Ушбу китоблар муаллифга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш имконини берди.
Хусрав Ҳамидовнинг Шарқ шеърияти, сўфий адабиёт, манбашунослик, адабиёт назарияси, адабий алоқалар ва замонавий шеъриятга оид 150 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари чоп этилган.
2022–2024 йилларда ижодий гуруҳ таркибида Ҳ.Ҳамидов “Ўзбекистон Республикаси қадимий ёзма манбалар давлат реестри”нинг 9 жилдини тузишда иштирок этди.
Ҳозирда Ҳ.Ҳамидов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги тожик адабиёти бўйича Кенгаш раиси. У таржимон сифатида ҳам замонавий адабиёт ривожига ҳисса қўшмоқда. Хусусан, илмий ва адабий асарларни таржима қилиш борасида салмоқли ишларни амалга оширди. Жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг “Найнома”, Шайх Ховандий Тахурнинг “Рисолаи Райхония”, Ёқуб Чархийнинг “Рисолаи абдолия”, Нажмиддин Кубронинг “Мезон-ул-Ақоид” ва бошқа рисолаларини ўзбек тилига таржима қилган. Бобур шеърлар тўпламини нашрга тайёрлаган, Нодира ғазаллари, Абдулла Қаҳҳор ва Шукур Холмирзаев ҳикоялари, шунингдек, 20-асрнинг ўзбек шоирлари Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Сирожиддин Саид ва бошқаларнинг шеърларини ўзбек тилидан форс-тожик тилига таржима қилган.
Бугунги кунда Ҳ.Ҳамидов Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида илм-фан билан шуғулланади.
— Мен нафақат форс адабиётига, балки умуман жаҳон адабиётига ҳам қизиқаман. Достоевский, Хемингуэй, Пауло Коэльо, Маяковский, Пабло Неруда, Сергей Есенин асарларини яхши кўраман. Биздан неча минг йиллар аввал шаклланган ўзбек ва тожик адабиётига бирон сўз қўшиш ёки олиб ташлаш қийин, — дейди Ҳ.Ҳамидов. — Чунки биздан олдин Навоий, Румий, Бобур, Саъдий, Ҳофизлар ҳаммасини айтганлар. Лекин бир нарсани аниқ биламанки, бу шеъриятга ошиқ бўлмасликнинг иложи йўқ. Ҳар бир шоир ва ёзувчи келажак авлодларга бебаҳо ижодий мерос қолдиришни мақсад қилади. Шундай экан, замон билан ҳамнафас яшаш ва давр руҳини ҳис қилиши керак. Бугун Янги Ўзбекистонда айнан ижод қиладиган давр! Улуғ аждодларимизнинг ҳали ўрганилмаган меросини дунёга етказиш учун яна кўп ишлар қилишимиз керак. Ҳар бир инсон бўш вақтида китоб мутолаа қилиши керак. Чунки адабиёт инсоннинг ички дунёсини ўрганувчи фандир. Менга қўлланма сифатида фойдаланадиган қуйидаги байт жуда ёқади:
Ту пой ба раҳ гузору аз раҳ м-андеш,
Худ роҳ бигўядат, ки чун бояд рафт,
Таржима қилинганда, бу: "Бир қадам ташланг ва йўл ўз-ўзидан пайдо бўлади" деган маънони англатади.
Лира Шафиқ, ЎзА