Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир ёш эътиборда
13:43 / 2024-07-21

Мамлакатимизда адашган ёшларни жамиятга қайтариш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазодан озод этилаётган навқирон авлод вакилларини пробация қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси номига 2024 йилнинг ўтган олти ойи мобайнида вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролардан “Ёшлар кафиллиги” соҳасида жами 14 мурожаат келиб тушди.

Мазкур мурожаатларнинг саккиз нафарида ижтимоий хавфлилик даражаси ўрганилиб чиқилди. Натижада, уларга кафолат хатлари берилиб, кенгаш томонидан жамоат ҳимоячиси тайинланди.

Шу асосда кўрилган ва муҳокама қилинган суд ҳукмларига кўра, еттита ҳолатда кафолат хатлари эътиборга олинди. Яъни, айбига иқрор ва афсус чеккан тўрт нафар ҳуқуқбузар ёшга нисбатан енгиллаштирувчи жазо турлари тайинланган бўлса, жиноий қилмишларидан чин дилдан пушаймон бўлган уч нафар ёш суд залида қамоқдан озодликка чиқарилди. Айни вақтда эса, иккита мурожаат суд органлари билан биргаликда ўрганиш жараёнида турибди.

Масалан, жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон тумани судида жиноят содир этган мазкур туманнинг Поромон маҳалласида яшовчи 23 ёшли Ҳ.Ю. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод этилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-169-моддаларининг тегишли қисмлари билан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд у содир этган талон-торож ва фирибгарлик қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлигини эътиборга олди. Унга нисбатан қўлланилган 4 йилдан зиёд муддатга белгиланган жазо бекор қилинди. Инсонпарварлик, бағрикенглик ва одиллик тамойилларига таяниб, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида қонун доирасида енгиллик берилди.  

– Қамоқдан чиқарилган ёки озодликдан маҳрум этиш жазоси бекор қилинган ёшлар билан бириктирилган ходимларимиз доимий равишда мулоқотда бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси Азизбек Тошматов. – Улар учун тузилган бир йиллик иш режага биноан ёшларни қайта жиноят кўчасига кирмаслигини таъминлаш мақсадида аниқ манзилли ишлар олиб борилмоқда.  

Ёшлар иттифоқи кафиллиги бу катта имконият. Боиси, ҳар бир ёш эту тирноғимиз. Бироқ, шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан асраб қолмайди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.