Акс-садо
Шу кунларда Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли анжуманда кўплаб давлатлардан келган таниқли исломшунослар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
– Ўн кунча аввал Остона шаҳридаги Туркий давлатлар ташкилоти Муфтийлар кенгашининг 5-мажлисида шайх Нуриддин ҳожи Холиқназар ҳазрат билан учрашган эдик. Йиғилишда “Ислом дини маҳаллий халқ анъаналарини қўллаб-қувватлайди” ҳамда “Фиқҳ мактабининг фатво бериш тўғрисидаги Низоми” каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Бу ҳужжатлар мусулмонлар жамоатчилигига катта фойда келтиришига ишонаман, – дейди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Таған ўғли. – Бугунги халқаро учрашув ҳам фойдали ва самарали бўлганига ишончим комил. Одамларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш ҳар доим энг муҳим масала бўлиб келган. Ислом дини ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратишини яхши биламиз. Инсонларнинг ижтимоий хавфсизлигини фақат ислом дини тўлиқ таъминлай олади, десак, адашмаган бўламиз. Бу масала бўйича амалга оширилган ишлар билан бир қаторда унинг ўзига хос хусусиятлари, муаммолари ҳам бор.
Бироқ бугунги учрашувимиз ана шу муаммоларни ҳал этиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири, дейиш мумкин. Ижтимоий ҳимоя деганда, аввало, кам таъминланганлар, муҳтожлар кўз олдимизга келади. Ҳа, ҳар бир жамиятда бой ва камбағал, кучли ва заиф, соғлом ва касал ёнма-ён яшайди. Бироқ барчамиз Худо олдида тенгмиз, фақат баъзи ҳолатларга кўра ҳуқуқ ва бурчларимизда тафовутлар бўлиши мумкин.
Кўрларга ёрдам бериш, кар ва соқовлар билан тушуниш даражасида мулоқот қилиш, муҳтожни керакли жойга етаклаб бориш, дарддан қутулиш йўлини излаётган жабрланувчига, заиф ва гапиришда қийналадиган кишига ёрдам бериш – буларнинг барчаси садақадир. Ҳар бир яхши сўз ҳам хайр-эҳсондир.
ЎзА мухбири А.Шокиров ёзиб олди.