Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир хонадонда имкониятлар бор
14:33 / 2026-02-12

Бухоро вилояти Олот тумани “Соинқоровул” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бобохон Баҳромовлар уй шароитида кўп тармоқли тадбиркорликни тизимли равишда йўлга қўйиб, қисқа вақт ичида барқарор ва узлуксиз даромад манбаларини шакллантирган.

Жумладан, 2 сотих майдонда барпо этилган иссиқхонада 25 туп лимон кўчати парваришланмоқда. 16 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ушбу иссиқхонада лимон дарахтлари айни пайтда гуллаб, ҳосилга кириш арафасида турибди.

Хонадон ҳудудидаги 8 сотих майдонда ташкил этилган махсус ҳовузда зоғора, дўнгпешона, лаққа каби балиқ турлари парваришланмоқда. Балиқчилик хўжалигида йилига 2 тоннадан ортиқ сифатли балиқ гўшти етиштирилиб, ушбу йўналишдан ўртача 40-50 миллион сўм даромад олинмоқда.

Бундан ташқари, хонадон ҳовлисида 2 минг тупдан ортиқ мевали дарахтлар – олма, нок, хурмо, ёнғоқ, шафтоли, анжир ва бошқа турдаги кўчатлар парваришланмоқда. Боғдорчилик йўналиши йил давомида 20 миллион сўмдан ортиқ даромад келтирмоқда. Узумчилик соҳасида эса ҳусайни, қора кишмиш, келин бармоқ, қорагўзал, тоифи каби навлар етиштирилиб, ушбу йўналишдан ўртача 10-15 миллион сўм атрофида фойда олинаётир.

Замонавий ёндашув асосида хонадонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган. Хусусан, 100 миллион сўм имтиёзли кредит асосида қуёш панеллари ўрнатилиб, бу нафақат электр энергияси харажатларини сезиларли даражада камайтириш, балки ортиқча энергияни сотиш орқали қўшимча даромад олиш имконини ҳам бермоқда.

–Аввал бошида барчаси қийиндек туюлган, –дейди Бобохон Бахромов. –Лекин меҳнат қилсанг, интилиш бўлса, натижа албатта бўлади. Иссиқхонани имтиёзли кредит ҳисобидан қурдик. Ҳозир лимонлар гуллаб, ҳосилга кириш арафасида. Бу биз учун барқарор даромад манбаи бўлади. Энг муҳими, фарзандларимиз ҳам меҳнатга ўрганяпти, тадбиркорлик руҳи шаклланяпти. Балиқчиликни ҳам тажриба сифатида бошлаганмиз. Ҳозир эса у асосий даромад манбаларимиздан бирига айланди. Ҳар йили икки тоннадан ортиқ балиқ етиштиряпмиз. Бу нафақат оиламизни таъминлаяпти, балки бозорга сифатли маҳсулот чиқариш имконини ҳам беряпти. Биз бир йўналиш билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қилдик. Боғдорчилик, узумчилик, иссиқхона, балиқчилик  бир-бирини тўлдиради. Агар бир соҳада вақтинча қийинчилик бўлса, бошқаси даромадни таъминлаб туради. Бу кўп тармоқли тадбиркорликнинг энг катта устун томони. Қуёш панеллари биз учун жуда фойдали бўлди. Илгари электр харажатлари катта муаммо эди. Ҳозир эса ўз эҳтиёжимиздан ташқари қўшимча энергия орқали ҳам даромад олиш имконияти пайдо бўлди.  

Умуман олганда, Баҳромовлар хонадонида иссиқхона хўжалиги, балиқчилик, боғдорчилик, узумчилик ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш каби йўналишлар ўзаро уйғунлашган.  

Бахромовлар оиласи тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар бир хонадонда имконият бор. Муҳими, ташаббус, меҳнат, изланиш ва давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдалана билишдир. Ана шунда оилавий тадбиркорлик нафақат оила фаровонлиги, балки бутун маҳалла ва жамият тараққиётига хизмат қиладиган кучли иқтисодий омилга айланади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири