“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳорги мавсумда Самарқанд вилояти ҳудудида 10,2 миллион туп манзарали, мевали ва бута кўчатлари экиш манзилли дастури тасдиқланган.
22 март ҳолатида вилоят бўйича 2,5 миллион туп кўчат ўтқазилиб, “Яшил макон” электрон платформасига киритилди.
Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Худойқулов яқинда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида берган ҳисоботида ушбу маълумотларни қайд этди.
Ўз навбатида аввалги йилларда кўчат экишда йўл қўйилган камчиликларни инобатга олган ҳолда депутатлар ва кенг жамоатчиликдан 16 шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 34 та “яшил боғ”, 13 та “яшил жамоат парки” ташкил қилиш, саноат корхоналари ҳудудида ва унга туташ ҳудудларда 800 минг туп кўчат ўтқазиш, экилган кўчатларни парваришлаш ва қуриб қолишининг олдини олишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали амалий ёрдам беришни сўради.
Депутататлар эса “Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилаётган дарахт кўчатларининг аниқ ҳисобини юритиш, керак бўлса, ҳар бир кўчат тақдири билан қизиқиш ва бошқарма томонидан таъсирчан чора кўриш зарурлигини таъкидлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, лойиҳа доирасидаги ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда муаммолар, камчиликлар кўзга ташланмоқда. Кўп ҳолларда фалон туп кўчат экилди, деб ҳисобот берилган бўлса-да унинг қанчаси кўкаргани, қанчасини парваришлаш, суғориш тизими яратилгани маълум қилинмасди. Аниқроғи, бундай тизимнинг ўзи йўқ эди.
– Эндиликда қаердан, қанақа турдаги кўчат олишдан бошлаб, экиладиган жой, суғориш тизими яратилгани, парваришлашга масъулларгача белгиланмоқда, – дейди Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Худойқулов. – Экилган ҳар бир кўчат ҳақидаги маълумот эса “Яшил макон” электрон платформасига киритилиши шарт. Агар платформага киритилмаса, ҳисобга олинмайди ҳам. Шунинг учун айни пайтда кўчат экишга доир маълумотлар ҳар куни платформага киритиб борилмоқда. Бу ҳар бир дарахт кўчати учун жавобгарлик бор дегани, назорат қилиш ҳам осон кечади.
[gallery-16735]
Давлатимиз раҳбари томонидан 29 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлил қилиниб, дарахт экишни оммалаштириш бўйича ташаббус ва тарғибот етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу борада давлат ташкилотлари билан бирга маҳаллий Кенгашлар, Экопартия ва бошқа уюшмалар, маҳаллалар – ҳамма бирдам бўлиб ҳаракат қилса, жуда кўп боғлар яратилиши таъкидланди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг шу йил 20 мартда қабул қилинган фармойишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор ва кузги мавсумда вилоят бўйича 16 миллион 333 минг туп кўчат экилиши ҳар бир туман ва шаҳар бўйича аниқ белгилаб берилган. Шунингдек, кўчатларнинг тақсимоти белгиланди. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йил мевали дарахт ва узум кўчатлари, ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитига мос тут, терак, қайрағоч, тол экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Каттақўрғон тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси давлат инспекторлари ҳамда туман фермерлар кенгаши ходимлари томонидан туман ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўллари ёқасида “яшил белбоғ” яратиш мақсадида шу пайтгача 5000 тупдан ортиқ тут кўчат экилди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан Пастдарғом туманидаги “Имом ота” жоме масжиди ҳудудидаги 10 сотихдан ортиқ ер майдонида мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ ташкил этилди.
Вилоят ҳудудида “яшил белбоғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил этишда “Яшиллойиҳа” лойиҳа институти ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар тайёрланмоқда. Бунда 2023 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Самарқанд туманида ташкил этилган “CRIC-21 яшил боғи” ҳамда шу йилнинг февраль ойида ўтказилган БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши (CMS COP14) муносабати билан барпо этилган “COP14 яшил жамоат парки” лойиҳалари намуна сифатида қабул қилинган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари