Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир туманда “Гидропоника” технологияси асосида озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
15:29 / 2023-03-10

АОКАда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Маълум қилинишича, республикада эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида 38 миллион бош чорва молларининг 11 турдаги ва 94 миллион бош паррандаларнинг 4 турдаги касалликларига қарши профилактик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Ҳайвонлар сақланадиган жойлар дезинфекция ва дезинсекция қилиниб, 38 миллион бош чорва молларида эктопаразитларга қарши профилактик тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.  

Қорамолчилик, қўй ва эчкичилик, йилқичилик, туячилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва омухта ем ишлаб чиқариш йўналишларида қиймати 10 триллион 300 миллиард сўмлик 2 минг 237 та лойиҳа амалга оширилади. 120 та сут ва гўшт маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳоли хонадонларига кооперация усулида 30 минг бош чорва моллари етказиб берилади.  

Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш мақсадида республикадаги йирик чорвачиликка ихтисослашган 46 та хўжаликда биогаз ва биогомус ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 483 минг гектар майдонга озуқа экинлари экилади.  

Республиканинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир вилоятда қўмита тасарруфидаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда йирик чорвачилик субъектлари қошида озуқа экинларининг юқори авлодли уруғларини етиштириш йўлга қўйилади.  

Пахта ва ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан суғориладиган ер майдонининг 10 фоизига, яъни 206 минг гектар ер майдонига алмашлаб беда экиш йўлга қўйилади. Ҳар бир туманда замонавий интенсив “Гидропоника” технологияси асосида озуқа ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Аҳоли хонадонлари ва фермер хўжаликларида парваришланаётган 2 миллион 400 минг бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилиб, зоти яхшиланган қорамоллар улуши 74 фоизга етказилади.  

Хорижий давлатлардан 23 минг бош наслли қорамол ва 105 минг бош наслли қўй-эчкилар импорт қилинди. Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш мақсадида Халқаро молия институтларининг 657 миллион 700 минг доллар имтиёзли кредити ҳамда 19 миллион доллар грант маблағлари жалб қилинади.  

Ш.Маматуропова, ЎзА