Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Илк ривожланиш марказлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш чора-тадюирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ҳар бир туман (шаҳар)да Илк ривожланиш марказлари фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Мазкур қарор билан:
2025 йилда ташкил этиладиган Илк ривожланиш марказлари рўйхати;
2026-2028 йилларда Илк ривожланиш марказларини ташкил этиш режаси;
Илк ривожланиш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу Марказларнинг асосий вазифалари:
мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратиш;
боланинг жамиятга мослашишини ва таълим олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш;
боланинг ёши, ўзига хос имкониятлари, қобилиятлари ҳамда эҳтиёжларини инобатга олиб, ҳар томонлама камол топишини таъминлашдан иборат бўлади.
Марказлар қувватига нисбатан паст коэффициентда фаолият кўрсатаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари, давлат мактабгача таълим ташкилотлари, касбий таълим ташкилотлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида:
биринчи босқичда (2025 йил) - 50 та туман (шаҳар)да;
иккинчи босқичда (2026-2028 йиллар) - қолган туман (шаҳар)ларда ташкил этилади.
Марказлар ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болаларни, шу жумладан, биринчи навбатда “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларнинг фарзандларини қамраб олади.
3-6 ёшли болалар учун “ўйин гуруҳи”, 2-7 ёшли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун “махсус мактабгача таълим хизмати” моделлари асосида таълим-тарбия берилади.
2025 йил 1 августдан бошлаб айрим тоифадаги оилалар фарзандларини қабул қилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ушбу болалар таъминоти учун ота-оналар тўловининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш (компенсация ажратиш) тартиби жорий қилинади.
2025 йил 1 августга қадар марказлар ўқув-услубий, дидактик материаллар, бадиий адабиётлар, ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминланади.
Марказларда фаолият кўрсатадиган педагоглар, тарбиячилар ва бошқа ходимлар қисқа муддатли малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади.
ЎзА