Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир томчи сув учун жавобгармиз
16:56 / 2026-01-09

Бугунги кунда юртимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда сув исрофининг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилоятида ҳам ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, назорат тадбирлари ва тарғибот ишлари таҳлил қилинганда, муайян натижалар билан бир қаторда муаммолар ҳам мавжуд экани кўзга ташланади.

Ҳозирда вилоят аҳолисининг 85,7 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, қолган 14,3 фоиз аҳоли альтернатив манбалар орқали сув истеъмол қилмоқда. Бу кўрсаткичлар ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида муайян ишлар қилинганидан далолат берса-да, сув ресурсларига нисбатан муносабат масаласи ҳали ҳам етарли даражада эмаслигини кўрсатади. Афсуски, жамиятда сувни тежаб ишлатиш маданияти тўлиқ шаклланмаган, исрофгарчилик ҳолатларига тез-тез дуч келинмоқда.

Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан 2025 йил давомида ўтказилган ўрганишлар давомида 493 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 1 миллиард 246 миллион сўм маъмурий жарималар расмийлаштирилган. Шунингдек, 125,8 миллион сўмлик моддий зарар етказилгани маълум бўлди. Аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми – 407 таси ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланишлар, 86 та ҳолатда эса сув истеъмолини ҳисобга олиш қоидалари бузилиши билан боғлиқ.

– Ўрганишлар натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жами 30 та, умумий қиймати 5 миллиард 614 миллион сўмлик турли ҳолатлар аниқлангани мазкур соҳадаги масъулиятсизлик ва қонунбузилиш ҳолатлари жиддий тус олганини кўрсатади. Бу эса сув таъминоти тизимида қатъий назорат ва жавобгарлик механизмларини янада кучайтириш зарурлигини тақозо этади, – дейди вилоят ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари Фозилбек Ҳайитов. – Ичимлик сувининг сифати ҳам инспекциямиз ходимларининг доимий эътибор марказида бўлиб, 2025 йил давомида истеъмолчиларга етказиб берилган сув бўйича 2176 та лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Натижада синовдан ўтган намуна таҳлилларининг бир қисми белгиланган санитария нормалари талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳолат аҳоли саломатлигига бевосита таъсир кўрсатувчи омил сифатида жуда катта хавотир уйғотади.

Шу билан бирга, аҳоли билан шартномавий муносабатларни тартибга солиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Вилоятдаги 98 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган ўрганишлар натижасида 457 та истеъмолчи билан шартномалар расмийлаштирилиб, қарийб икки минг нафар аҳоли қамраб олинди. Бюджет ташкилотларида ўтказилган назорат тадбирларида эса 647 та муассасада 118 турдаги камчилик аниқланиб, 64 та ҳолат бўйича 111 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилди.

Шунингдек, “Навоий сув таъминоти” АЖ томонидан берилган техник шартлар, ер ости сув қудуқлари ҳолати ҳам ўрганиб чиқилди. 243 та қудуқда ўтказилган текширувлар натижасида 112 та камчилик аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, 269 та авария ҳолати аниқланиб, уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди.

Дунё миқёсида ичимлик суви тақчиллиги тобора кучайиб бораётган бир пайтда, ҳар бир томчи сувнинг қадрини англаш, уни асраб-авайлаб фойдаланиш барчамизнинг бурчимизга айланиши лозим. Бугун жаҳонда миллионлаб одамлар тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Шундай шароитда сувни исроф қилиш, унга бепарво муносабатда бўлиш нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам кечирилмас ҳолдир. Сув ҳаёт манбаи экан, уни асраш ва тежаб ишлатиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири