Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун
Сўнгги беш йил давомида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар негизида инсон саломатлиги асосий ўринни эгаллайди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, ёшларни олий тиббий таълим билан қамраб олиш, ёш мутахассисларга шароит яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда халқни рози қилиш ислоҳотлар мазмунининг негизидир.
Амалга оширилаётган ислоҳотларда тиббий хизмат, тиббий таълим, илм-фанни ривожлантириш учун соҳадаги муаммоларни яқиндан ўрганиш, таҳлил қилиш ва соҳани ривожлантириш учун таклифлар олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказиладиган Инсон қадри учун номли “Очиқ мулоқот”га қизғин тайёргарлик кўрилди.
Очиқ мулоқотга нафақат тиббиёт ходимлари, балки аҳолидан, ёшлардан, ишчи хизматчилардан тушган муаммо ва таклифлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Ушбу муаммо ва таклифларни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаатларни туну-кун қабул қиладиган “CALL” маркази ва мурожаат ва таклифларни ўрганадиган ахборот-таҳлил бўлими ташкил қилинди.
– “CALL” марказ орқали 2021 йил 15 декабрдан айни пайтгача жами 25 минг 774 та мурожаат келиб тушди, – дейди Ахборот-таҳлил бўлими аъзоси, Тошкент тиббиёт академияси поректори Шуҳрат Абдужалилов. – Мурожаатларнинг 17 минг 628 таси тиббиёт ходимларидан, қолган 8 минг 146 таси эса фуқаролардан келган. Мурожаатлар ҳудудлар кесимида ва туркумларга бўлиб тизимлаштирилди. Ҳудудлар бўйича таҳлил шуни кўрсатдики, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳрига – 4 минг 756 та, Наманган вилоятига – 3 минг 86 та, Тошкент вилоятига – 2 минг 610 та, Қорақалпоғистон ва бошқа вилоятларга – 15 минг 322 та мурожаат тўғри келмоқда. Тушган мурожаатларнинг 58 фоизи соҳани ривожлантиришга, 21 фоизи тизимдаги эътироз ва камчиликларга, 21 фоизи индивидуал масалаларга оид.
Мурожаатлар бирламчи тизим, олий тиббий таълим, ихтисослаштирилган марказлар, ижтимоий ҳимояга оид, тез тиббий ёрдам, санитария-эпидемиология соҳаси, фармацевтика, илм-фан соҳаси, юридик соҳа, малака ошириш соҳаси, соғлом турмуш тарзи, шошилинч тиббий ёрдам хизмати, хусусий тиббиёт, оналикни муҳофаза қилиш, болаликни муҳофаза қилиш, ўрта махсус тиббий таълим, давлат хусусий шерикчилиги йўналишларига бўлиб таҳлин қилинди.
Мурожаатларнинг 14 минг 279 таси, яъни 55 фоизи бирламчи тизимга, 3 минг 248 таси олий тиббий таълимга, 2 минг 251 таси ихтисослаштирилган ёрдамга, 5 минг 996 таси бошқа йўналишларга тегишли эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, айрим мурожаатлар вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларида тезкорлик билан кўриб чиқилиб, кечиктириб бўлмайдиган масалалар бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Ижтимоий ҳимояга оид 76 фоиз, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича 64 фоиз, тез ёрдамга доир 56 фоиз, шунингдек, бошқа йўналишлар бўйича мурожаатлар 44 фоиздан 12 фоизгача бўлган кўрсаткич оралиғида ўз ечимини топди. Умумий тушган 25 минг 774 та мурожаатлардан 7 минг 874 таси ўз ечимини топди, 539 таси ижро жараёнида, қолган 17 минг 361 таси эса таклифлар сифатида қабул қилинди.
Келиб тушган таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ходимлар ва бошқа етакчи мутахассислар ҳамда экспертлар иштирокида атрофлича муҳокама қилиб олинди. Ушбу очиқ мулоқотга тушган мурожаатлар шуни кўрсатдики, тиббиёт ходимлари билан биргаликда халқимиз ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчисига айланмоқда.
Ишончимиз комилки, Президентимиз билан бўладиган мулоқотда соҳани янада ривожлантириш, тиббиётни кейинги босқичга олиб чиқиш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, тиббёт олий таълим муассасалари фаолиятини трансформация қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби маслалар ўз ечими топилади.
Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари эртага соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади. Бундай тадбир мамлакатимиз тарихида илк маротаба ўтказилаётган бўлиб, унда соҳани янада ривожлантириш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тиббиёт ходимларининг таклифлари эшитилади.
Учрашувда соҳанинг барча бўғинларидан 10 минг нафардан зиёд ходим иштирок этиши кутилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА