Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Ҳақиқат маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш масканида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Меҳнат ярмаркасида Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов, туман ҳокими Жонибек Яриев, сектор ва мутасадди ташкилот раҳбарлари, бандлиги таъминламаган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юз нафардан ортиқ шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар иштирок этди.
Ярмаркада тумандаги 10 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, корхона, ташкилот ва муассасалар 289 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. 12 нафар ёшга бўш иш ўринларига йўлланмалар берилди ва улардан 10 нафари ишга жойлаштирилди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлган 10 нафар ёшга “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида тумандаги катта тажрибага эга тадбиркорлар бириктирилди.
Меҳнат ярмаркасида 25 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредит олиш, касб-ҳунарга ўқиш ва ўз мутахассислиги юзасидан ишга жойлашиш каби масалаларда, мутахассислар томонидан зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА