Иш билганга минг танга, деб халқимиз бежиз айтмайди. Ана шу мақолни ҳозирги ҳаётга менгзайдиган бўлсак, бугунги ислоҳотлар фуқароларимизни ишбилармонликка ва жамият ҳаётида ўз ўрнини топишга чорламоқда.
Шунданми, бугун ишбилармонлик муҳитини яратиш хайрли иш бўлиб қолди. Тадбиркорликка бел боғлаган ҳар бир фуқаро эса ҳукуматимиз эътиборида. Қандай бўлса-да, юртимиз фуқароси мўмай даромад топсин. Давлатимиз уларга кўмакчи бўлсин. Имтиёзлар берсин. Одамларимиз тўкин-сочинликда яшасин. Бу талаблар бугунги Ўзбекистонимизнинг сиёсати, очиқлиги ва шаффофлигидан далолат беради.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорларга катта эътибор қаратилиб, уларнинг ютуқлари бардавом бўлишига ва муаммоларини биргаликда ечиш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётгани қувонарлидир.
Бугун Президентимиз тадбиркорлик субъектларига катта ишонч билдириб, улар билан юзма-юз мулоқотга киришаётгани, уларнинг истак-хоҳиши ва муаммоларини тинглаши замирида халқимизнинг фаровон ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашдек улкан мақсадлар бор.
Жорий йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ишбилармон доиралар вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва ташкилотлар тадбиркорлар иштирокида кенг кўламда мулоқотлар ташкил этмоқда.
Тошкент шаҳридаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида бўлиб ўтаётган “Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги” ҳам улардан биридир.
Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган ишбилармон доира вакиллари тегишли вазирлик ва ташкилотлар масъулларига фаолиятида дуч келаётган муаммолари билан мурожаат қилмоқда. Бир вақтнинг ўзида уларнинг муаммолари дафтарга қайд этилиб, штабга тақдим этиш чоралари кўрилмоқда.
[gallery-8385]
Қизғин ва қизиқарли мулоқотлар билан танишув жараёнида юртимиз тадбиркорларининг муаммолардан чекинмай, катта мақсад сари дадил бораётгани ва масъулларнинг эса бу масалаларга жиддий ёндашувларига гувоҳ бўлдик. Уларнинг савол-жавоблари, тўғридан-тўғри мулоқотларидан англаш мумкинки, ҳар бир фуқаро мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмас, аксинча, улар ўзларини масъул ва ижрочиси эканини ҳис этмоқда.
Фурсати келганда, биз ҳам очиқ мулоқотга келган тадбиркорлар билан суҳбатлашдик ва интервью олдик.
Пойтахтимиздаги “Solara” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Санат Қурбонниёзов “Тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталиги”га энергетика йўналиши бўйича ўзи дуч келаётган муаммога ечим излаб келибди. Масъуллар унга ёрдам беришини ваъда қилибди. Бу ҳақда у шундай деди:
– Корхонамиз хонадон, корхона ва ташкилотларга қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланади. 2016 йил ўз фаолиятини бошлаган корхона томонидан шу кунга қадар 300 дан ортиқ қуёш панели ўрнатилган. Улардан 20 фоизи хонадонларни ташкил этса, қолган қисми корхона ва ташкилотлардир. Масала шундаки, ўрнатилган қуёш панеллари учун 610-регламент бўйича истеъмолчи “Ҳудудуий электр тармоқлари” АЖ билан шартнома тузиши талаб этилади. Бу истеъмолчининг ўзидан ортиб қолган электр энергиясини давлатга сотиш бўйича шартномадир. Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларимизда бундай муаммолар йўқ. Улар ўзларидан ортиб қолган электр энергиясини шартнома асосида давлатга сотяпти. Лекин Наманган, Фарғона, Самарқанд, Навоий вилоятларида қуёш панеллари ўрнатилган хонадон ва корхоналар билан шартнома тузиш масаласида муаммо вужудга келяпти. Бугунги очиқ мулоқотда шу бўйича ёрдам сўраган эдим. Бу мурожаатимни ҳал қилиш мақсадида менга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев томонидан мутахассислар бириктирилди.
– Мен Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Туячи” қишлоғидан келдим. Тадбиркор ўғлимнинг 47 сотих хусусий ери бор эди. Ўшанга ўтган йили 785 минг сўм солиқ тўлови чиқди, тўладик. Бу йилга 10 миллион солиқ чиққан. Ер ташландиқ ва чекка жой. Биз бу ерда парррандачиликни йўлга қўямиз деган эдик. Боқаётган паррандаларга касаллик тегиб, қирилиб кетди. Бир йилда бу ташландиқ жойдан 10 миллион фойда кўра олмаймиз. Шу сабабли, тадбиркорлар билан мулоқот ташкил этилганига солиқ тўловларини ҳал этиш бўйича келдик. Солиқ қўмитаси масъули томонидан тўловлар бўйича тушунча, кўрсатма ва тавсиялар берилди, – деди Маринбек Юсупов.
Логистика йўналиши бўйича тадбиркорлик қилиб келаётган Рустам Собировнинг мурожаатига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари эътибор қаратиб, ёрдам бериш масъулиятини олди.
– Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот жуда яхши ташкил этилди. Бу ерга келган ҳар бир тадбиркорга масъуллар амалий ёрдам ва тасвсияларини берди. Мен иккита лойиҳа – Тошкент вилояти атрофида автосервис ва автомобиль ювиш манзилларини қуриш бўйича мурожаат қилдим. Масалага Ўзбекситон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари томонидан ёрдам бериладиган бўлди. Бу каби мулоқотларни ташкил этган Президентимизга ва мутасаддиларга раҳмат айтаман. Бундай учрашув биз, тадбиркорларга катта мадад ва куч бағишлайди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири