Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда инклюзив муҳитни шакллантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратиш мақсадида Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган меҳмонхоналарда тўсиқсиз муҳит ҳолати комплекс тарзда ўрганилди.
Вилоят туризм бошқармаси ҳамда Республика сертификатлаштириш марказининг масъул ходимлари томонидан Бухоро шаҳри ва Когон туманидаги 50 дан ортиқ меҳмонхонада ўтказилган ўрганишда меҳмонхоналарнинг умумий инфратузилмаси, кириш-чиқиш жойлари, пандуслар, қўл тутқичлар (перилалар), лифт тизимлари, йўлаклар кенглиги, қаватлар орасидаги ҳаракатланиш имкониятлари, шунингдек, санитария-гигиена хоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталарининг ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилганлик даражаси ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Шунингдек, меҳмонхоналарда ахборот-маълумот бериш тизимлари, навигация белгиларининг кўриниши, кўзи ожиз ва эшитиш имконияти чекланган шахслар учун яратилган қулайликлар, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг инклюзив хизмат кўрсатиш маданияти ҳам ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида деярли барча меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши, хавфсиз ва қулай тарзда жойлашиши ҳамда хизматлардан бемалол фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилгани аниқланди. Меҳмонхоналарнинг аксариятида доимий пандуслар, махсус жиҳозланган хоналар, кенг эшик ўтиш жойлари, қулай лифтлар ҳамда мослаштирилган санитария хоналари мавжудлиги қайд этилди.

Бироқ айрим меҳмонхоналарда пандус ва тутқичлар (перилалар)нинг кўчма ҳолатда ўрнатилгани, баъзи жиҳозлар стандарт талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланиб, бу ҳолатлар инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлиги нуқтаи назаридан камчилик сифатида баҳоланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан масъул ташкилотлар томонидан тегишли кўрсатмалар берилди, аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди, амалий чора-тадбирлар режалари шакллантирилди ҳамда ҳар бир объект бўйича расмий далолатномалар расмийлаштирилди.

Мутасаддилар томонидан белгиланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, инфратузилмани доимий ва барқарор стандартлар асосида қайта жиҳозлаш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тизимли ўрганишлар ва мониторинг ишлари ҳудудда инклюзив туризм инфратузилмасини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг туризм хизматларидан тўлақонли фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири