English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилади
18:28 / 2023-06-27

Мамлакатимизда шу йил 9 июлда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳозирлик кўриш ишлари жадал тусда давом этмоқда.

Сайловда ҳар бир фуқаронинг сайловга оид ҳуқуқлари таъминланиши уларнинг давлат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этишига хизмат қилади. Бу демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган ислоҳотлар даврида муҳим аҳамиятга эга. Сайловчилар овоз бериш жараёнларида иштирок этиши учун, аввало, ўз ҳудудидаги сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига киритилиши лозим.

Сайлов қонунчилигига кўра, участка сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатини тузади, сайловчиларни сайловчиларнинг рўйхати билан таништиради. Агар рўйхатда хатолар ва ноаниқликларга йўл қўйилган бўлса, бу тўғридаги аризалар участка сайлов комиссияларига терилади. Участка сайлов комиссиялари аризаларни қабул қилиб, кўриб чиқади ва рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади.  

Сайлов кодексининг 27-моддасида сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш тартиблари ўз ифодасини топган. Унга кўра, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили киритилади.

Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Хизмат фаолиятида бўладиган ҳарбий хизматчиларнинг, санаторийлар ва касалхоналардаги фуқароларнинг ҳам сайлов ҳуқуқлари тўла таъминланади. Жумладан, ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ва бошқа сайловчиларнинг рўйхатлари, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ҳудудларда яшаса, ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этадиган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА