Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси давлат бошқарувида янги даврни бошлаб берди.
– Мурожаатнома иқтисодий ва ижтимоий соҳалар билан бирга давлат хизмати, қонун устуворлиги ҳамда инсон қадрини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларнинг йўналишларини белгилади, – деди Бошқарув самарадорлиги агентлиги ахборот хизмати раҳбари, юридик фанлар доктори Севара Зокирова. – Асосий мақсад эса аниқ – давлатни инсонга янада яқин қилиш.
Президентимиз таъкидлаганидек, давлат халққа хизмат қилгандагина адолат ва барқарорлик бўлади. Бу фикр ислоҳотлар марказида инсон турганини кўрсатади.
Шунинг учун ҳам давлат фаолиятида фуқароларнинг ишончи ва иштирокини кучайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик назоратини таъминлаш бугун устувор вазифага айланмоқда.
Мурожаатномада ислоҳотлар натижаси ҳар бир инсон ҳаётида сезилиши кераклиги алоҳида қайд этилди. Яъни, ўзгаришлар фақат ҳужжатларда эмас, одамларнинг турмушида акс этиши шарт. Давлат органлари қандай қарор қабул қилаяпти, қандай ишлаяпти – булар фуқаролар учун очиқ ва тушунарли бўлиши лозим.
Бу тамойил Конституцияда ҳам мустаҳкамланган. Ҳар ким ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Демак, фуқаро энди фақат томошабин эмас, балки давлат бошқарувининг тўлақонли иштирокчиси ҳисобланади.
Шу боис, давлат идоралари фақат ахборот берибгина қолмасдан, қарорларни ишлаб чиқиш ва ижросига жамоатчиликни жалб этиши керак. Ахборот хизматлари ана шу очиқ мулоқот майдонини яратиб, давлат билан жамият ўртасидаги ишонч кўпригига айланиши шарт.
Президент барча соҳада ҳалоллик, ҳисобдорлик ва шаффофликни ҳаёт меъёрига айлантириш кераклигини таъкидлади. Бу коррупцияга қарши курашда энг кучли кафолат ҳисобланади ва “ҳалол давлат хизмати”ни шакллантиришга хизмат қилади.
Жамоатчилик назорати ҳам давлат очиқлигининг асосий таянчи сифатида кўрсатилди. “Ҳар бир раҳбар фаолияти устидан халқ назорати бўлиши керак”, деган фикр очиқ жамият ва жавобгар давлат ғоясининг амалдаги ифодасидир.
Сўнгги йилларда давлат органлари очиқлиги рейтинги жорий этилди, ахборот хизматлари фаолияти кучайтирилди.
Рақамли бошқарувга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Электрон ҳужжатлар, онлайн мурожаатлар ва интерактив ҳисоботлар давлат фаолиятини фуқаролар учун янада очиқ ҳамда шаффоф қилмоқда.
Албатта, бунда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлиги масалалари ҳам устувор аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномаси давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни янги босқичга олиб чиқди. “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак” деган ғоя Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий мезонига айланди.
Энди ҳар бир ислоҳотнинг ҳақиқий баҳоси – унинг халқ онги ва ҳаётида қанчалик акс этаётгани билан ўлчанади. Шу боис, очиқликни таъминлаш фақат вазифамиз эмас, балки касбий бурчга айланди.
Н.Абдураимова, ЎзА