“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов бугун АОКАда ўтказилган брифингда хорижий усулларни татбиқ этиш орқали газ қудуқларни бурғилаш муддатини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар амалий натижалар бераётганини қайд этди.
Хусусан, Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш маркази ташкил этилган. Бу жараёнда жамиятга қарашли 20 дан ортиқ бурғилаш дастгоҳи рақамлаштирилган.
–Бугунги кунда бу ишлар барчаси малакали мутахассислар томонидан онлайн таҳлил қилиб борилмоқда. Марказлашган ташкилий-рақамли бошқарувни яратиш “Ўзбекнефтгаз” АЖга қазиб чиқариш учун сарфланадиган вақтни, хусусан, қудуқларни бурғилаш муддатини 30 фоиздан зиёд қисқартириш имконини бермоқда. Мазкур ташкилот мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, газ қудуқлари бурғилаш жараёнларини назорат қилишни рақамлаштиргани, соҳада такомиллаштирилган ускуналарни қўллаши натижасида бурғилаш муддатлари қисқариб бормоқда. Қайд этиш лозимки, шу пайтга қадар 4,5 минг метр бўлган битта газ қудуғини бурғилашга ўртача 180-185 кун сарфланган бўлса, хориж тажрибасини қўллаш ва соҳа фидойиларининг заҳмати билан ушбу муддат 65 кунгача қисқартирилмоқда. Бурғилаш ишларининг эрта якунланиши ҳисобига ҳар-бир қудуқ қурилишидан 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинмоқда, –деди М.Ибодов.
Тадбирда эришилган бу каби натижалар туфайли келгусида ҳам жамиятга қарашли барча янги қудуқларни бурғилашда босқичма-босқич янги инновацион усуллар қўлланилиши кўзда тутилаётгани таъкидланди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА