Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси томонидан Бухоро ва Ғиждувон туманларида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам аҳоли ўзини қийнаб келган бир қанча муаммоларнинг ечимини топди.
– Яқинда уйимни қуриб битказдим, – дейди фуқаро Иноят ака Қаюмов. – Энди ундан фойдаланишни бошлаш керак эди. Бугунги сайёр қабулни эшитиб, барча ҳужжатларни қўлга олдим-да, “ишим ҳал бўлармикан” деган ҳадик билан қабулга келдим.
Мутасаддилар мазкур мурожаатни ўрганиб чиқиб, уни қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш (якка тартибдаги уй-жой қуриш объекти учун) давлат хизмати бўйича марказ орқали ваколатли органга юборди. Шундан сўнг, турар жойни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси тасдиқланди. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида Давлат Реестридан кўчирма берилди. Иноят аканинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
– Уй-жойимга кадастр паспортини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди яна бир фуқаро Фарҳод Жумаев. – Менга ҳам “Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га асосан уй-жойимнинг кадастр паспорти муддатида тайёрлаб берилди.
– Сайёр қабуллар давомида фуқаролардан 200 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бурхон Жамолов. – Аксарият мурожаат жойида ҳал этилди. Баъзилари тегишлилиги бўйича мутасадди давлат ташкилотларига юборилди. Бундай сайёр қабуллар халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаш, қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.
Зариф Комилов, ЎзА