Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир мурожаат эътиборда
14:16 / 2023-04-29

Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан юртдошларимизнинг соҳага оид мурожаатларига ечим излаш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Муҳим жиҳати, сайёр қабул ўтказиладиган манзил ва унда иштирок этадиган мутасаддилар ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилиб, аҳолининг хабардорлиги таъминланяпти. 
Навбатдаги жонли мулоқот Вобкент туманида ташкил қилинди. Сайёр қабулда Кадастр агентлиги ва давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармалари мутасаддиларидан ташқари Кадастр агентлиги директори ўринбосари Абдушукур Абдуллаев ҳам иштирок этди. Қабул аввалида соҳа маъсуллари томонидан кадастрга оид қонунчиликдаги ўзгаришлар ва фуқароларга яратилаётган шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. 


–Йигирмага яқин фуқароларни бирма-бир қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглаяпмиз, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Яшин Ҳабибов. – Зарурат туғилса, ходимлар томонидан масалага аниқлик киритиш учун жойига чиқиб ҳам ўрганиш олиб борилади. Қабулларда асосан фуқаролар томонидан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос масалаларида саволлар кўп келиб тушади. Ҳар мурожаат юзасидан мурожаатчига керакли тушунтириш берилади. Бундан ташқари аҳолига янада қулай бўлиши учун маҳаллалар кесимида ҳам улар билан мулоқот қиляпмиз. Яъни, бунда фуқароларнинг идорага келишини кутиб ўтирмай, уларнинг олдига ўзимиз боряпмиз, уларнинг мушкулини осон қилишга уриняпмиз. 
Ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш, мерос ва шу каби масалалар бўйича 20 дан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилди. Аксарият масалалар жойида ҳал этилди. Ўрганилиши вақт талаб этадиган масалалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. 

 

Зариф Комилов, ЎзА