Қарор ва ижро
Мамлакатимизда оилаларнинг бахтли яшашини таъминлаш, ёш авлодда маънавий-ахлоқий, одоб қадриятларини ва ота-онага, катта ёшдаги инсонларга ҳурматни шакллантириш, оиланинг тарбиявий салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек кўп ҳолларда азалий қадриятларни менсимаслик, оилада эр-хотин ўртасида муносабатлар тўғри йўлга қўйилмагани оилавий ажримларга сабаб бўлмоқда. Оқибатда эса болаларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлиги каби муаммолар юзага келиши ортмоқда.

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари айнан шу жабҳада қаровсиз болаларнинг ҳолатини ўрганиш, шахси ва оиласидаги муҳитни аниқлайди. Шу асосида ота-оналар чақирилиб, уларга зарур тавсиялар, хулосалар берилади. Жумладан, бугунги кунда Тошкент вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Тошкент вилоят ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, подполковник Маҳфуза Сирожова бу тизимда кўп йиллардан бери ишлайди. Унинг айтишича, профилактика инспектори қаровсиз болани аниқлаганидан сўнг, туман-шаҳар ички ишлар органлари масъулларига хабар беради. Бу жараёнда ўша ҳудудда ишлаётган ижтимоий ходим ҳам чақирилиб, бола билан суҳбат қилинади. У боланинг шахсини аниқлаш ҳамда унинг ўқиши ва хулқ-атворини, оиласидаги муҳитни, қаровсиз қолишига сабаб бўлган омилларни ўрганади.

– Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, айрим болалар оилавий низолар туфайли ота-онасининг телефон рақамини бермайди. Баъзиларида эса руҳий касаллик аломати сезилади. Бу каби вазиятларда қўшимча ўрганишлар олиб борилади. Марказ томонидан 48 соат ичида қаровсиз боланинг шахси аниқланади. Боланинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш натижасига кўра ижобий хулосага келинса, ота-онаси ёки васийига топширилади. Бироқ, баъзи болалар васийи билан яшашни истамайди. Бу каби вазиятда тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда болаларга розилиги билан оилавий болалар уйи ёки яқинларига жўнатилади, – дейди Тошкент вилоят ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, подполковник Маҳфуза Сирожова.
Илгари Тошкент вилоят ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази Янгийўл туманидаги 1900 йилда қурилган бинода жойлашган эди. Йиллар ўтиб яшашга ноқулайликлар бўлгани сабаб 2022 йилда Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғи билан пойтахтимиздаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига кўчирилди. Бу ерда тун-кун иш ташкил этилган.

Таҳлилларга кўра, вилоят ИИББ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг 2025 йилнинг октябрь ойи ҳисоботлари бўйича жами 1 минг 703 нафар вояга етмаганлар марказга жойлаштирилган. Шулардан: Тошкент вилоятида яшовчилар 292 нафарни, Тошкент шаҳрида яшовчилар эса 29 нафарни ташкил қилган. Қолган 1 минг 382 нафари республикамизнинг бошқа вилоятларида яшовчи вояга етмаганлардир. Келтирилганларнинг 79 нафари 3-6 ёшли, 349 нафари 7-13 ёшли, 1 минг 275 нафари 14-17 ёшлилардир. Уларнинг 901 нафари умумтаълим, 2 нафари академик лицей, 303 нафари касб-ҳунар коллеж, 497 нафарини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил қилади. Вояга етмаганларнинг марказга келтирилишининг асослари ўрганилганда 1 минг 692 нафари ота-онасининг назоратисиз, 9 нафари ота-онасининг қаровсиз қолгани, 1 нафари ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетгани маълум бўлди.
– Афсуски, ўгай ота билан қизи ёки ўгай она билан ўғли ўртасидаги келишмовчиликлар, зўравонлик ва тазйиқлар натижасида марказга бир нача бор қайта келганлар кузатиган. Улар руҳиятида катта ёшдаги инсонларнинг муаммолари сабаб, мурғак қалбларида тушкунлик, жамиятга ишончсизлик бор. Шу каби кўплаб ўхшаш сабаблар келгусида Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказ фаолиятига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасини ҳам жалб қилиш ва малакали психологлар хизматини жорий қилиш режалаштирилган, – дейди М.Сирожова.

Охирги йилларда ҳудудлардаги Болалар уйларининг фаолияти тугатилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила муҳитида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратди. Мазкур йўналишга бошқача ёндашув жорий қилиниб, жойларда оилавий, кичик ҳажмли болалар уйлари ташкил қилинди.
Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳам улар билан доимий алоқани йўлга қўйган. Ҳозиргача Тошкент вилояти бўйича 20 нафар бола шундай жойларга юборилган. Қувонарлиси, уларнинг кўпи янги муҳитга тез мослашган.

Жорий йил Нурафшон шаҳрида барча шароитларга эга Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази учун бир гектар ер майдони ажратилди ва ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида 100 ўринли мажмуа фойдаланишга топширилади ва унда қаровсиз болалар учун зарур шароитлар яратилади. Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги томонидан етарли маблағ ажратилиб, объект лойиҳаси бўйича ишлар қилинмоқда.
Марказда фақат 48 соат эмас балки, 3 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда болалар билан ишлаш режалаштирилмоқда. Сабаби улар билан белгиланган муддатгача тарбиявий ўрганиш қилинганида оиласига муносабати ўзгариши мумкин. Аммо, оиласидагиларнинг уларга нисбатан муҳити ўзгармаган ҳолатлар учрамоқда. Шундай вазиятларда маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ҳам шароити оғир аҳволдаги оилалар билан тегишли ўрганишлар олиб бориши, болалар учун ҳар томонлама қулай бўлишига тайёрлаши керак.
Бундан ташқари, зўравонликка учраган, яқинлари, васийлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш, номусига тегиш каби салбий ҳолатларда масъуллар болаларни марказда олиб қолиш ҳуқуқига эга бўлиш таклифи ҳам илгари сурилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор улғайган сари дунёқараши шаклланадиган болаларга нисбатан уларнинг яқинлари фикрини тўғри ўзгартиришга эришишдир.
А.Мусаев, ЎзА.