Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ
16:35 / 2021-09-30

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Эртага мамлакатимизда устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланади. Мазкур байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев устоз ва мураббийларга байрам табригини йўллади.

Жорий йил 29 сентябрда давлат раҳбарининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Ушбу фармон билан юртимизда меҳнат қилаётган бир гуруҳ устоз ва мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланди.

Албатта, устоз ва мураббийларимизнинг ёш авлод тарбияси йўлида меҳнат қилаётганининг чин маънодаги эътирофи ва эътибори намунасидир.

ЎзА мухбири ана шундай қувончли кун арафасида Тошкент давлат юридик университети профессори Фируза МУҲИТДИНОВА билан суҳбатда бўлди.

– Президентимиз байрам табриги мени катта ҳаяжонга солди, –деди Ф.Муҳитдинова. – Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 сентябрдаги фармони билан республикамизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги ташаббускорлиги ва фидойилиги, юқори малакали кадрларни тайёрлашда ҳисса қўшаётган азиз устозу мураббийларимиз юксак унвонлар билан тақдирланди.

Бундай ишонч ва эътироф ҳар бир устоз ва мураббийни чин дилдан меҳнат қилишга ундайди. Шу маънода, ўзим меҳнат қилаётган олий даргоҳ ҳақида тўхталиб ўтсам.

Жорий йилда Тошкент давлат юридик университети ташкил этилганига 30 йил тўлди. Бу йиллар давомида университетда республикада юридик таълимни ташкил этиш ва ривожлантириш, юридик таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш билан бир вақтда юридик фан соҳаларида ҳам беқиёс ишлар амалга оширилди. 

Университет ўқув хоналарида минглаб бўлажак ҳуқуқшунослар билан бирга фан соҳасининг ҳам етук намояндалари таълим олишган, улар юридик таълим соҳаларининг ривожига ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшди.

Албатта, бунда университетда турли йилларда ўз фаолиятини бошлаб, бугунги кунда ҳам ёш авлод тарбиясида, шунингдек, республикамиздаги таълим муассасалари учун фанлар соҳаларида етук юридик кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини ташкил этишда университетдаги мавжуд кафедраларининг ҳам ўрни беқиёсдир.

Университетнинг ҳар бир кафедрасининг фаолияти ҳақида сўз юритилар экан, албатта унинг бугунги кундаги юридик таълим соҳасида амалга ошираётган фаолияти билан бирга ўтган йиллардаги фаолиятига назар ташлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. 

Жумладан, давлат ва ҳуқуқ назарияси, давлат ва ҳуқуқ тарихи ривожи ҳамда истиқболини талабаларга кенг, батафсил маълумотлар, назария ва қарашлар асосида ўқитишда Зайниддин Исломов, Маҳмуд Нажимовларнинг дарслик, ўқув қўлланмаларининг ўрни беқиёсдир. 

Бундай бағрикенг инсонларни устоз ва мураббийлар куни ёд этиш ҳамда уларга муносиб шогирд бўлиш ёш олимларнинг орзу-интилиши, мақсади саналади. Зеро, устозлар барча даврда бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир.

Бугун жадидлар орзу қилган мустақилликнинг олий неъмати: илм ва маърифат янги чўққига кўтарилди. Устозларни ҳурмат-эҳтиром қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунча бўлиб, Абдулла Авлоний таъбири билан “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” деган сўзлари амалий ифодасини топди.

Устозлари улуғланган, қадр топган юрт ёшлари: янги Ренессанс яратувчилари бўлишига аминман. Ота-она уйда фарзандига тарбия берса, устоз мактабда таълим беради. Демак, бу барчанинг муқаддас байрами: миллат саодатидир.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

ЎзА