Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йил режалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Вилоят ҳокимларига тижорат банклари билан бирга келгуси йилдан ҳар бир массивда 21 турдаги зарур хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси топширилди.
Чегара олдида жойлашган 25 та ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темир йўллари ўтган 100 та туман савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилади.
– Мисол учун, Ғиждувон туманидан ўтган “А-380” халқаро автомагистрал йўли ёқасида 245 та аҳоли уй-жойлари жойлашган. Ушбу уйларнинг биринчи қаватида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш шарти билан кўп қаватли этиб қайта қуриш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига камида мингта иш ўрни яратиш мумкин, – деди Президент.
Бунда ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ипотекага оид қарор доирасида ажратиладиган ресурслардан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга икки ой муддатда халқаро йўллар бўйидаги хонадонларни хатловдан ўтказиб, уларда хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳаларни шакллантириш вазифаси топширилди.
Яна бир масала – магистрал йўл бўйи ва чегара олди ҳудудларида логистика хизматларини кенг йўлга қўйиш учун катта имкониятлар мавжуд.
Масалан, Ғиждувонда 34 гектар майдонда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарёни боғловчи вилоятлараро улгуржи савдо марказини қуриб, 5 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.
ЎзА