Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги маҳаллаларда “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Бу ҳақида Қарши тумани ҳокими Бекзоджон Юсупов журналист ва блогерлар учун “Қарши туманида 2022 йилнинг январь-июнь ойларида маҳаллабай ишлаш тизимида амалга оширилган ишлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидланишича, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллалардаги 1 минг 744 та хонадон, 2 минг 170 нафар аҳолини қамраб олган 58 та кооперация (паррандачилик, қўйчилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, куркачилик, гулчилик, деҳқончилик ва боғдорчилик, иссиқхона ва лимончилик, тикувчилик) ташкил этилган. Масалан тумандаги Кўчкак МФЙ ҳудудидан деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ижара асосида 29 гектар ер майдони 25 сотихдан 112 нафар фуқарога ажратиб берилиб, анжир кўчатлари экилди.
[gallery-8167]
Худди шундай тумандаги Талликурон МФЙда “ASL PARRANDA-2022” МЧЖ томонидан маҳалладаги 30 та аҳоли хонадонларида кўкатчилик (помидор, бодринг, қизил булғор, карам ва бошқалар) бўйича шартнома асосида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилган. Аҳоли хонадонларига корхона томонидан бепул кўчатлар етказиб берилди. Экиш ишлари корхона агрономлари назоратида амалга оширилди. Шартнома асосида иш фаолияти олиб бораётган хонадон эгаларига етиштириладиган маҳсулотнинг 25 фоизи миқдорида олдиндан аванс маблағлари берилган. Корхона томонидан аҳоли хонадонларида етиштирилган маҳсулотлар келишилган нархларда сотиб олиниши режалаштирилган. Ушбу маҳалладаги хонадонларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳам МЧЖ томонидан келишилган нархларда сотиб олинмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА