English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир маҳаллада камида 1 километрдан ариқ бетонлаштирилади
14:55 / 2023-12-04

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сарфланадиган сув ресурсларининг йўқотишларини камайтириш бўйича кластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларига мурожаат қилди.

– Вилоятимизнинг сувга бўлган эҳтиёжининг 98 фоизини қондирадиган Зарафшон дарёси суви кейинги йилларда ўртача кўп йиллик меъёрдан 18-22 фоизга камайди, – деди Э.Турдимов. – Бу сувдан фойдаланадиган аҳоли сони эса йил сайин ошиб, сув танқислиги тобора кучли сезилмоқда.  

Таҳлилларга кўра, Зарафшон дарёси суви шаклланадиган қўшни давлатдаги Федченко музлигининг ҳажми охирги 50 йилда 30 фоизга қисқарган ва бу жараён тобора тезлашиб бормоқда. Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида сув танқислиги 900 миллион метр кубни ташкил қилади. Бундан 5-6 йил олдин ушбу кўрсаткич 650-700 миллион метр  куб эди. Сув танқислиги 2030 йилга бориб 1,1 миллиард метр кубга етиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

Бу рақамлар ҳар биримизни чуқур мулоҳаза қилишга, сувнинг қадрини англашга ва уни тежашга даъват этади.  

Шундан келиб чиқиб, сувни тежаш бўйича сафарбарлик эълон қилиб,  2024 йил 15 мартга қадар 2543 километр канал ва ариқларни бетонлаштиришимиз зарур. 54,8 минг гектар майдонда сув тежамкор технологияларни жорий қилиш лозим. Вилоятдаги 1126 маҳалланинг ҳар бирида камида 1 километрдан ариқларни бетонлаштириш талаб этилади.

Ҳар бир фермер, ҳар бир фуқаро ўз уйи ва маҳалласидаги ариқларни тозалаб қўйиши, сувнинг ортиқча сарфланиши олдини олиши лозим.  

Бугундан бошлаб “Сув текин эмас” деган ғояни илгари суриб, сувни тежаш бўйича ҳаракат ва чораларни ҳар биримиз аввало ўз турмуш тарзимиз мисолида бошлашимиз даркор. Сувдан фойдаланишда эскича ёндашувлардан бутунлай воз кечиб, бу неъматнинг қадр-қимматини аҳоли онгига, айниқса, ёшларга чуқур сингдиришимиз, сувнинг ҳар бир томчисини асрашимиз бош мақсадимиз бўлиши шарт ва зарур.

Ғ.Ҳасанов,  

ЎзА мухбири