English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир лойиҳа ўзбек тилининг аҳамиятини оширади
16:59 / 2025-10-21

Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Ўзбек тили учун” номли йирик маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган бир қатор лойиҳалар, жумладан, “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Ustoz AI”, “Wikimarafon”, “Uzchess”, “Milliy karaoke”, “Қизлар академияси” ва “Ёшлар учун минг китоб” каби лойиҳалар тақдим этилди. 

Тадбирда қайд этилганидек, биргина “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида дунё илм-фани ва адабиётининг сара намуналари ўзбек тилига таржима қилиниб, ёшлар орасида кенг тарғиб этилмоқда. Лойиҳа орқали нафақат ўқиш маданияти, балки илмий тафаккур ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ташаббус ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, илмий ва бадиий тафаккурни уйғун ривожлантириш, таржима мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Қисқа муддатда 50 та асар ўзбек тилига таржима қилиниб, 27 таси нашр этилди, яна ўнлаб китоблар чоп этилиш арафасида.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – таржима жараёнига 180 нафардан ортиқ мутахассис, таржимон, муҳаррир ва дизайнерларнинг жалб этилганидир. “Asaxiy Books”, “Zabarjad Media”, “CosmosBooks”, “Ijod Nashr” ва “Академнашр” каби етакчи нашриётлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган бу ишлар Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тан олинаётган илмий ва адабий таржима марказига айланиши йўлида муҳим қадамлардан.

Китобларнинг босма ва электрон нусхалари мамлакатдаги кутубхоналар, таълим муассасалари ҳамда Миллий кутубхона фондига бепул етказилади. Айни кунларда “Китоблар карвони” орқали янги нашрлар республиканинг барча ҳудудларига етказилмоқда, марказий кутубхоналар эса уларни ўз фондларига қабул қилиш жараёнини бошлади. “Таржимон ва муҳаррирлар мактаби” дастури эса янги авлод таржимонларини тайёрлаш, ўзбек тилининг илмий ва бадиий салоҳиятини янада юксалтиришга йўналтирилган.

[gallery-25855]

Тадбир доирасида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасининг ёшлар ўртасида ўзбек тилида нотиқлик, нутқ маданияти ва ижодий ифода кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган чиқишлари ўтказилди. “Wikimarafon” ташаббуси орқали эса ўзбек тилидаги онлайн контент ҳажмини ошириш, Википедияда сифатли мақолалар яратиш ва миллий меросни рақамли маконда кенг тарғиб этиш ишлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди. 

Шунингдек, “Бек ва Лола” мультсериал лойиҳаси ёш томошабинларга ўзбек тилида яратилган янги авлод анимацион маҳсулоти сифатида тақдим этилди. 

“Мутолаа” лойиҳаси эса ўқиш маданиятини қайта тиклаб, сўзнинг, фикрнинг ва ўзбек тилининг қудратини ёшлар қалбида уйғотувчи ҳаракатга айланди. Китоб мутолааси орқали ўзбек тилининг бой ифода имкониятларини намоён этган лойиҳа аслида тилни яшовчан ва замон билан ҳамнафас сақлаб турувчи куч эканини яна бир бор исботлади.

“Ustoz AI” ташаббуси ўзбек тилининг рақамли технологиялар тилига айланиш йўлидаги дадил қадам бўлди. Сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда ўқитувчиларга методик ёрдам берувчи лойиҳа, она тилининг имкониятларини янги технологик муҳитга олиб кириб, илм ва тил уйғунлигининг замонавий тимсолини яратди.

Шунингдек, “Uzchess”, “Қизлар академияси” ва “Milliy karaoke” каби лойиҳалар орқали ёшлар ижоди, фикри ва ҳисси ўзбек тилида ифода топди. Бу ташаббуслар тилни нафақат мулоқот воситаси, балки миллий ифтихор, илҳом ва яратувчанлик манбаи сифатида намоён этди.

Умуман, тадбир давомида агентлик лойиҳалари ўзининг фаолияти, ғоялари ва руҳи билан “тилга хизмат – миллатга хизмат” ғоясини амалий ифода этди. Улар нафақат ёшларни, балки жамиятнинг барча қатламларини она тилида фикрлаш, яратиш ва ифтихорланишга чорлади.

Мазкур лойиҳаларнинг барчаси моҳиятан миллий контент ишлаб чиқиш, ёшлар тафаккурида ўз тилида яратилган
сифатли ахборот, илмий, таълимий ва бадиий материаллар миқдорини кўпайтиришга хизмат қилади. Агентлик ташаббуслари натижасида ўзбек тилидаги замонавий контент ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу жараён нафақат тилни ривожлантириш, балки ўзбек тилини глобал коммуникация тили сифатида шакллантириш сари муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида ёшлар, ижодкорлар ва ОАВ вакиллари учун фотозоналар, китоб ярмаркалари, фильм премьералари ҳамда интерактив викториналар ташкил этилди. Шунингдек, “Мутолаа” фильмининг премьераси, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси таржимонлари билан учрашув, “Wikimarafon” ғолибларини тақдирлаш маросими ва миллий мультимедиа контент намойишлари ўтказилди.

“Ўзбек тили учун” тадбири ўз моҳиятига кўра, она тилининг замонавий жамиятдаги ўрнини мустаҳкамловчи ёшлар ҳаракати сифатида майдонга чиқмоқда. Бу ташаббус орқали ёшлар ўз фикрини, илмий изланишларини, ижодий ғояларини ўзбек тилида эркин ифода этиш имконига эга бўлади. Тадбир ёшлар қалбида она тилига садоқат, миллий ғурур ва замон билан ҳамнафас бўлиш руҳини янада кучайтиради.

Гулноза Бобоева, ЎзА