Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир лимон дарахтидан 100 килодан ҳосил олинмоқда
13:26 / 2020-11-22

Бундан 25 йил муқаддам лимон бизда анча қиммат ва камёб мева ҳисобланган. Боиси у юртимизга асосан хориждан импорт қилинар эди.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қорақўтон қишлоғида яшовчи Зайниддин Бойбулов кўпчилик ўзимизда ҳам лимонария ташкил этиш, лимон етиштириш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган бир пайтда бу мушкул ишга қўл урган эди. Йиллар давомида изланди, интилди, ҳаракат қилди, бугун шунинг ортидан оиласи фаровон, ўзи эса моҳир лимончи сифатида элга, юртга танилган.

1994 йилда отамнинг ҳовлисида кичик лимонария ташкил этиб, илк лимон кўчатларини ўтқазган эдим, – дейди у. – 2000 йилда эса ўзим уй-жой қилиб, кўчиб чиққанимдан сўнг бу ерда ҳам кичикроқ лимонария қурдим. Ҳозир иссиқхонамизда 100 тўп лимон дарахтлари бор. Лимоннинг “Мейер” деб номланган янги навидан экканмиз. Бу нав юртимиз иқлим шароитига анча мос, шу билан бирга, жуда серҳосил ҳам.

Зайниддин Бойбуловнинг айтишича, айни пайтда у ўз ҳовлисидаги ҳар бир лимон дарахтидан ўртача 100 килограммдан ҳосил олмоқда. Бу лимонариядан олинадиган йиллик ҳосил камида 10 тоннани ташкил этади деганидир. Етиштирилган мевани асосан экспортёр корхоналар вакиллари харид қилиб, уйидан олиб кетишади. Кичик лимонариядан келадиган йиллик даромадни эса энди ўзингиз бугунги кунда бозорда бир кило лимоннинг баҳоси қанча эканлигига чақиб, ҳисоблаб олаверинг.

[gallery-123]

Яна бир гап, кичик иссиқхонадан йилига 10 тонна лимон мевасини олиш қаҳрамонимиз эришган асосий натижа эмас. Сабаби - у фаолиятини йўлга қўйган кўчатчилик хўжалигидан бугун лимон меваларини етиштиришга қараганда ҳам кўпроқ даромад келмоқда.

–Ўз тажрибаларим асосида лимон кўчатларини кўпайтириб, буюртмачиларга лимонария ташкил этиб бериш хизматини ҳам йўлга қўйганман, – дейди моҳир боғбон. – Бир йилда 4 мингдан 5 минг донагача лимон кўчатларини аҳоли иссиқхоналарига экиб бериб, уларни парваришлаш бўйича йўл-йўриқ кўрсатиб келамиз. Шу вақтга қадар вилоятимиз ҳамда қўшни вилоятларда яшовчи юзлаб оилаларга лимонария  ташкил этиб бердим. Ҳозир ҳам Деҳқонободдан буюртма олганмиз. Шу ишни бажараяпмиз.

Зайниддин Бойбуловнинг айтишича, у лимон кўчатларини новда қаламчасидан кўпайтириб, уч йил давомида парвариш қилади. Шундан сўнг буюртма асосида мижоз иссиқхонасига кўчириб, экиб беради. Кўчатлар иссиқхонага экилганидан бир йил ўтиб ҳосил беришни бошлайди.

Энг муҳими Зайниддин Бойбуловнинг лимончиликда эришаётган тажрибаси бошқаларга ҳам ўрнак бўлмоқда. Бугун у яшаётган Қамаши туманининг Қорақўтон маҳалласидаги ўнлаб хонадонлар лимончиликни йўлга қўйган. Бу ҳудудни кўпчиликнинг лимончилар маҳалласи деб аташининг боиси ҳам шунда.

Ў.БАРОТОВ, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА