Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир куннинг ўз ҳикмати бор
09:39 / 2022-09-22

Бугун шундай ҳикматли ва хосиятли кунлардан бири. Яъни, “Автомобилсиз кун”. Бу сана нафақат юртимизда, балки дунё бўйлаб эътироф этиладиган алоҳида воқелик ҳисобланади.

Айнан бугун жаҳон бўйлаб “Автомобилсиз кун” сифатида нишонланаётгани сабабли кўплаб шаҳар кўчаларида бир оз сокинлик кузатилади. Дунёдаги айрим шаҳар кўчалари бутунлай автомобилдан холи бўлади. 

Мамлакатимизда ҳам ушбу санани муносиб қаршилаш борасида талай ишлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юртимизда 22 сентябрь “Автомобилсиз кун”, деб эълон қилинган эди. 

Бу, сўзсиз, юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг кенг қатламини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, оммавий спортни тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Жумладан, бугун пойтахтимиз Тошкентда, шунингдек, ҳудудлардаги шаҳар ва кентларда ўзига хос тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қулайлик яратиш борасида соҳага тааллуқли 5 та қонун, 7 та қарор, 50 дан ортиқ ҳукумат режа-дастурлари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўл полицияси ходимлари хизматига тегишли 80 га яқин идоралараро ҳужжатлар қабул қилинди. 

– Халқаро автомобилсиз кун тадбирларида фаол иштирок этиш учун илм-фан, маданият ва спорт соҳалари вакилларини, қолаверса барча юртдошларимизни бир кун давомида автомобиль ўрнига велосипедда ёки пиёда ҳаракатланишга чорламоқдамиз. “Автомобилсиз кун” акцияси доирасида велосайрлар ташкил этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган, — дейди Спортни ривожлантириш вазирлиги етакчи мутахассиси Отабек Эшмаматов. 

“Автомобилсиз кун” акцияси жаҳон бўйлаб ўтказилади. Бу ғоя 1995 йили Буюк Британияда пайдо бўлган ҳамда қисқа муддатда бутун дунёда кенг оммалашган. 2000 йилдан эса айнан 22 сентябрь “Бутунжаҳон автомобилсиз кун” сифатида нишонланиши белгиланган.  

Хорижий ахборот воситалари хабарига кўра, бугунги кунда дунёдаги 3 мингдан зиёд шаҳарда яшовчи 100 миллионлаб аҳоли вакиллари ушбу санани доимий тарзда нишонлаб келмоқда.  

Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, велосипедни транспорт сифатида оммалаштириш, пиёда юришни рағбатлантириш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни тарғиб этиш мақсадида тизимли тарзда велосайрлар, марафонлар, югуриш мусобақалари ташкил этиб келинмоқда. 
 

Тўлқин Рўзиев, 
ЎзА