Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги 11 та стационар оромгоҳ, 69 та маданият ва спорт соғломлаштириш майдончасига 14242 нафар бола жалб этилган.
– Мавсумнинг 3-навбати 1 июлдан бошланиб, 9 та стационар оромгоҳда 1244 нафар бола дам олмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Гулмурат Тлепов. – Уларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиши учун турли тўгараклар фаолият олиб бормоқда.
Дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари ва саломатлигини таъминлаш, назорат қилиш учун тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилди. Ҳар бир оромгоҳ, маданият ва спорт соғломлаштириш майдончаларида бадиий, техник ва экология йўналишидаги тўгараклар, спорт мусобақалари, турли викторина, кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, оромгоҳларда “Заковат” интеллектуал ўйини, Иқтидорли болалар“, “Миллий рақслар”, “Оромгоҳ маликаси”, “Оромгоҳ султони” танловлари, “Қувноқ стартлар”, “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида футбол, баскетбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши қошида штаб ташкил этилган бўлиб, мавсум жараёни тўғрисидаги кунлик ва умумий маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, Ишчи гуруҳларга ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этиб борилмоқда.
Д.Абибуллаев, ЎзА