Шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун бу – келажак учун пойдевор” ғояси асосида боғ ва токзорлар қатор ораларидан самарали фойдаланиш бўйича минтақавий кўргазмали семинар ўтказилди.
Жумладан, Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Комилжон Набиев” боғдорчилик фермер хўжалигида уюштирилган анжуманда водий вилоятлари мутасадди раҳбарлари, аграр соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Комилжон Набиев раҳбарлигидаги боғдорчилик фермер хўжалигининг беш гектар майдонида тўқсонбости экинлари экиш ва уларнинг агротехникасини тўғри ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар кўрсатилди. Хўжаликнинг бир гектар ерида 400 туп бодом, икки гектарида 550 туп олхўри мавжуд. Боғ қатор ораларида сабзавот экинлари экиб, парваришланади. Айни вақтда уч гектар майдондаги боғ қатор ораларида пиёз баравж ривожланмоқда.

Қайд этилганидек. Уйчи туманидаги мавжуд боғ-ток йўналишидаги 72 фермер хўжалигида 875 гектар майдон бўлиб, ҳозирда уларнинг 510 гектарида тўқсонбости экинлари парваришланмоқда.

Тадбирда ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш бозордаги нарх-наво барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Боғ қатор ораларига оралиқ экинлар экиш ҳамда уларнинг агротехникасини тўғри йўлга қўйиш орқали ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга қаратилган семинарда Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов кун тартибидаги мавзу юзасидан муҳим вазифаларга эътибор қаратди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.