Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир кун — бу келажак учун пойдевор
11:33 / 2026-02-19

Қарор ва ижро

Оҳангарон туманида “Ҳар бир кун — бу имконият, ҳар бир кун — бу келажак учун пойдевор” ғояси асосида боғ ва токзорлар қатор ораларидан самарали фойдаланишга қаратилган амалий семинар ўтказилди.  

Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа ҳамкор бошқарма ва ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган тадбирда агрономлар, мутахассислар, фермерлар ва боғдорчилик хўжаликлари эгалари қатнашди.

Дастлаб Ўзбекистон фермерлар кенгаши раиси Ахтам Хаитов, туман ҳокими Баҳром Норқобилов ва соҳа мутахассислари сўзга чиқиб, бугунги кунда экин майдонларида парвариш ишларини кучайтириш долзарб вазифа эканини таъкидлади. Ҳудудлар иқлимига мос экинларни ўз вақтида ва меъёр асосида озиқлантириш, маҳсулот етиштиришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш муҳим натижалар бериши айтилди. Шу билан бирга, сув тежамкор технологияларни кенг қўллаш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имкониятлари ҳақида фикрлар билдирилди.

Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилди. Хорижий давлатларда бўлиб қайтган фермерлар ўз кузатувлари ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.  

Мутахассислар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилиб, амалий маслаҳатлар тақдим этилди. Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2026 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликларида 30 минг гектар тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилиши режалаштирилган эди. Ўтган даврда бу борадаги ишлар самарали ташкил этилди. Ҳудудлардаги карантин инспекторлари томонидан ҳосилнинг сифатли етиштирилиши, ички ва ташқи бозорга белгиланган тартибда чиқариш, тадбиркорларга махсус сертификатлар бериш каби ишлар электрон платформага киритилади.  

– Тадбир доирасида агрономлар томонидан мавсумий касалликлар ва зараркунандаларга қарши экологик усулларни қўллаш, минерал ва органик ўғитларни меъёрда бериш борасида тавсиялар берилди. Шу билан бирга фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга хориж тажрибаси асосида ҳосилдор ғалла навларининг аҳамияти ҳақида ҳам суҳбат қилдик. Қолаверса, Фермерлар кенгаши қошидаги жамғарма маблағлари ҳисобидан фермерларга тежамкор суғориш технологияларини амалга жорий қилишга кўмаклашиляпти. Бу ҳақда ҳам қизиқувчиларга мавжуд имтиёзлар тушунтирилди. Таҳлилларга кўра, 2025 йилда барча лойиҳалар учун фермерларимизга 260 миллиард сўм ажратилган бўлса, шундан 6 миллиард сўм маблағ жойларда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш технологияларини татбиқ қилиш учун сарфланди. 33 миллиард сўм эса махсус қуёш панелларини ўрнатиш, тежамкор сув насосларига берилди. Келгусида ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмаларини яхшилаш, музлатгичли омборхоналар қуриш, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу каби янгиликлар хусусида иштирокчиларга айтиб ўтдик, – дейди Фермерларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Тўлқин Сатторов.  

Семинарда фермерлар фаолиятини кўптармоқли қилиш борасидаги ташаббуслар бўйича келгуси режалар ҳам батафсил тушунтирилди.  

Абдулазиз Мусаев, ЎзА