English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор
18:17 / 2023-08-29

Она Ватанимиз энг улуғ, энг азиз айём, халқимиз ҳаётидаги унутилмас воқеа — давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги олдида турибди. Шу боис айни кунларда бутун юртимиз бўйлаб байрам тантаналари ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида тарғибот тадбирлари, маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда. Эътиборлиси, бу йилги байрам шодиёналари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилмоқда.  

Қайд этиш жоизки, Президент қарорида мустақиллик тадбирларида “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорнинг мазмун-моҳиятини кенг очиб бериш вазифаси ўз аксини топган. Бу борада юридик фанлари доктори, профессор, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Муҳиддинова ЎзА мухбирига интервью берди:

— Бу йил давлатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини кўтаринки кайфият билан нишонлаяпмиз. Барча вилоятларда, туман, шаҳар, қишлоқ ва овулларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан маънавият фестиваллари ўтказилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида турли соҳа вакиллари, зиёлилар, маҳалла фаоллари билан ўтказилаётган тадбирларда юртимиздаги ислоҳотлар кенг тарғиб этилмоқда.  

Президент қарорида келтирилган “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий шиорни ўқиб, мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, буларнинг барчасида халқ манфаатлари устунлиги, инсон қадри, шаъни устувор эканлиги бирма-бир кўз олдимдан ўтди. Айниқса, янгиланган Конституциямизнинг бош тамойили ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилгани ҳар бир юртдошимиз учун кенг имкониятдир.

Ижтимоий соҳага оид масалалар ҳам Бош қомусимизда устувор ўрин тутган. Биргина соғлиқни сақлаш тизимига эътибор қаратадиган бўлсак, бир пайтлар одамлар оддий касалликларнинг давосини излаб, катта пул сарфлаб, Ҳиндистонга, Исроил, Германия ёки бошқа давлатларга боришга мажбур бўлар эди. Эндиликда эса соҳадаги ислоҳотлар натижасида кўплаб мураккаб жарроҳликлар — юрак, буйрак жарроҳликлари ўзимизда амалга оширилмоқда, болалар касалликлари билан боғлиқ ҳолатлар, ҳатто туғма хасталиклар ҳам даволаняпти. Бу эса фуқароларимизга берилаётган янги имкониятлардир, бой берилмайдиган келажак учун пойдевордир.

Илм-фан, таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, болаларимизни таълимга, спортга, соғлом турмуш тарзига ўргатишга эътибор берилаётгани бизга тақдим этилаётган имконият деб биламан. Юртимиз азалдан илм-фан ўчоғи бўлганини дунё олимлари тан олади. Бугун ҳам ёшларимизнинг илм-фанга қизиқишини ошириш учун дунёда аналоги бўлмаган Президент мактаблари, Темурбеклар мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари йўлга қўйилди. Буларнинг бари ёшларимиз ўз келажаги учун пойдевор қуриши учун берилган имкониятдир.

Ёшларимизга лицей, олийгоҳларга киришларида бир вақтнинг ўзида бир нечта таълим даргоҳига ҳужжат топшириш, билимларини синаш имкони берилгани қувонарлидир. Бу имконият келажак пойдевори учун берилганини англаган ҳар бир ота-она фарзандининг чуқурроқ билим олишига эътибор қаратса, келажагимизнинг нажоти фақатгина билимда, илмда эканлигини тўғри англаб етса, буни бой берилмаган имконият деб биламан.

Юртимизда ёшларга, хотин-қизларга ҳам кенг имкониятлар тақдим этиляпти. Ҳар бир хотин-қиз ўқишга, касб ўрганишга ҳақли. Бу борада ўзим кўриб гувоҳи бўлаяпманки, Қорақалпоғистондан тортиб Сурхондарёю Фарғона — барча ҳудудларда касбга йўналтирилган мономарказлар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда касб ўрганиш истагидаги қизларимиз учун барча шароит ва имкониятлар мужассам. Уй бекалари, қизларимизнинг иш билан бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, бунинг учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар тақдим этилаётгани улар учун кенг имкониятдир.  

Шунингдек, 7 йил муддатга фоизсиз кредитларнинг берилиши илмга чанқоқ қизларимизга давлат томонидан берилган имконият эмасми? Қолаверса, магистратура босқичида ўқишни давом эттириш истагидаги қизларимиз учун контракт тўловлари давлат томонидан қоплаб берилиши қизларимизга “ўқинг, янги Ўзбекистон учун кучли мутахассис бўлинг”, дея ундовчи ислоҳот. Бундан ташқари, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, ҳомиладор ёки ёш болали аёлларни ишга олмаслик каби ҳолатларга чек қўйиш Конституциямиз билан мустаҳкамлаб қўйилгани хотин-қизларимизга берилган яна бир имконият.  

Бундан ташқари, ногиронлиги бор шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур дори-дармонларни етказиб бериш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш учун уй-жой учун субсидия тақдим этилаётгани таҳсинга лойиқ.  

Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз юртимиздаги кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, юрт ривожига, келажагимиз пойдеворига ҳисса қўшмоғимиз, Янги Ўзбекистон равнақи учун хизмат қилмоғимиз лозим. Бу ҳар биримизга берилган имконият, келажагимиз учун пойдевордир.  

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.