Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир ислоҳот фуқаролар ҳаётида сезиларли натижа бериши керак
11:52 / 2026-01-12

Ҳар гал Президентнинг Мурожаатномаси биз учун йўналтирувчи йўл, мамлакат тараққиётининг асосий устуворликларини белгилайди. Бу йилги Мурожаатнома ҳам шуни тасдиқлайди: давлат сиёсатида асосий эътибор инсонга, унинг ҳуқуқлари ва келажакка ишончига қаратилган.

Дунё тез ўзгаряпти, технологиялар ҳаётимизни осонлаштирса-да, ижтимоий хавфлар ҳам кўпаймоқда. Шу боис ҳар бир қонун ва ислоҳот – фақат қоғозда қолмай, балки фуқаролар ҳаётида сезиларли натижа бериши керак. Мурожаатнома айнан шу мақсадни кўзлаганини унинг ҳар бир йўналишдаги асосий янги режалари ва  халққа қулай,  адолатли давлат, барқарор тараққиёт ва келажакка ишончли йўл очишга қаратилган инсонпарварлик ислоҳоти, десак, муболаға бўлмайди. Мурожаатнома, маҳалла ва оила институтлари, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши қатъий кураш, давлат хизматларини замонавий рақамли платформа орқали янада самарали қилиш каби муҳим йўналишларни ҳам ўз ичига олади. Бу йўналишлар Ижтимоий давлат сифатидаги Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мақсадлар билан узвий боғлиқдир ва аҳоли ҳаётини ривожлантириш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва мамлакат фаровонлиги учун асос бўлиб хизмат қилади.

Зеро, бу йилги ютуқлар тилга олиниб, 2025 йилда камбағалликни қисқартириш ва бандликни оширишда катта ютуқлар қайд этилди. 5 миллион фуқарога янги даромад манбалари пайдо бўлди, ишсизлик 4,9 фоизга туширилди, камбағаллик эса 8,9 фоиздан 5,8 фоизга қисқарди. Биринчи марта 1 435 маҳалла камбағалликдан тозаланган ҳудудлар сифатида эътироф этилди. Маълумки, Ўзбекистон Конституциясида мамлакат ижтимоий давлат сифатида белгиланган.  

Бу конституциявий мақомнинг ҳаётдаги амалий ифодаси Президентнинг Мурожаатномасида бутунлай асосланган бўлиб, Мурожаатнома бошидан охиригача ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролар фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими фуқароларнинг аниқ эҳтиёжларига йўналтирилган ва маҳаллий даражадаги институтлар — маҳалла орқали амалга оширилади.

Маҳалла фақат маъмурий тузилма эмас, балки халқнинг ижтимоий ҳамжамияти ва ўзаро ёрдам тизими сифатида узоқ асрлардан шаклланган.

Абу Наср ал-Форобий, Ибн Халдун ва бошқа тарихчилар маҳаллани ижтимоий тартиб ва маданий меросни сақлаш нуқтаи назаридан ёритган. Амир Темур тузукларида ҳам маҳалла аҳолининг ҳаётида тартиб ва адолатни таъминлаш, қонун ва урф-одатлар билан биргаликда жамиятда бирдамликни сақлашнинг асосий бўғини сифатида кўрсатилган. Навоийнинг ғояларига кўра, шахс ва унинг атрофидаги ҳамжамиятнинг барқарорлиги ва фаровонлиги ахлоқий қадриятлар, бирдамлик ва маданий меросни сақлашга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Навоийнинг ижтимоий қарашлари маҳалла институтининг қадимий заминдан шаклланганлигини ва унинг аҳамиятини тасдиқлайди.

Бу таъкидлар замонавий ислоҳотларда ҳам муҳимдир: маҳаллаларни ривожлантириш орқали аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш, ижтимоий бирлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мумкин.

Шу тариқа маҳалла — бу нафақат қадимдан шаклланган анъана, балки замонавий ислоҳотлар учун ҳам асосий институт ҳисобланади. Унинг ривожланиши мамлакатнинг ижтимоий бирлиги, аҳолининг фаровонлиги ва барқарор тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Маҳалла орқали қоидалар, маънавий қадриятлар ва жамиятдаги тартиб таъминланган. Ҳозирда маҳалла институти янада ривожлантирилмоқда. 2026 йил "Маҳалла ва жамиятни ривожлантириш йили" деб эълон қилинди. Бу мақсад маҳаллаларда инфратузилма, ижтимоий соҳалар ва бизнесни комплекс ривожлантириш билан боғлиқ.

Мурожаатноманинг асосий қисмида 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналиш белгиланган. Биринчиси – маҳалла инфратузилмасини янада ривожлантириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш.

Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Маҳалладаги йўллар, сув ва электр таъминоти, боғча ва мактаблар, оилавий поликлиникалар аҳоли учун ислоҳотларнинг яққол кўриниши бўлади. Шу боис маҳалла тизими давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътибор марказида қолмоқда.

Инфратузилмани тубдан яхшилаш орқали маҳаллаларда ҳаёт сифатини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг ободлигини таъминлашга йўл очилади. Бу эса фақат иқтисодий тараққиёт эмас, балки жамиятда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлайди.

2026 йилдан бошлаб «Электрон ҳукумат» платформаси тубдан янгиланади. Барча давлат хизматлари, 5 мингдан зиёд функция ва вазифалар, 200 та маълумот базаси ва 100 мингдан ортиқ давлат хизматчисининг ваколатлари бир жойда, яъни ягона рақамли платформада йиғилади.

Платформа орқали келиб тушган мурожаатлар сунъий интеллект ёрдамида тақсимланади ва муддатлар назорат қилинади. Маҳалладан тортиб республика даражасидаги ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати ва зарур ресурси бир жойда кўринишини таъминлайди.

Энди давлат хизматлари инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи кўрсатилади. Фуқаро янги уй қураётган бўлса, бир вақтнинг ўзида сув, электр ва газ уланиши масаласи ҳал қилинади. Бу — ҳар бир кишига қулайлик, ишонч ва шаффофлик кафолати.

Мурожаатномада  одил судлов жараёнида  “рақамли суд” концепцияси  ташкил этилгани қайд этилди. Зеро, бу тергов жараёни ҳам рақамлаштирилиши инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради. Жиноят ҳақидаги ариза қабул қилинишидан то иш судга ўтказилишигача бўлган босқичларда сунъий интеллект технологиялари қўлланилади ва инсон омили қисқартирилади. Тергов судьялари иш бошлагани халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичидир. 2026 йилдан улар санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларига эга бўлади. Одил судловда жамоатчилик иштироки оширилиши ҳақидаги  фикр ҳам янги қадамдир. Чунки  жиноят процессига “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилиши, бу умуман янги амалий ҳуқуқий ислоҳот бўлиб, бу институтда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилади, бу эса суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.

Ўзбекистон қадимдан оилапарвар давлат сифатида машҳур бўлиб, аёлларга ва ёшларга эътибор ҳамиша давлат сиёсатида асосий ўрин тутган. Бу қадриятлар нафақат замонавий ислоҳотларда акс этмоқда, балки тарихий манбаларда ҳам ўз аксини топади. Ҳадисларда аёл ва боланинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, қомусий олимларимиз ғояларида ижтимоий адолат ва оила муқаддаслиги, шунингдек, Амир Темурнинг тузукларида давлат бошқарувида оила ва маҳалла аҳамияти доимо таъкидланган. Мазкур ҳолат Ўзбекистон  Президентининг Мурожаатномасида ҳам хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг асосий вазифаси сифатида ёритилгани менимча, барча аҳолининг янада қувонтирди. Жамиятда оила тинч бўлса, жамият қудратли бўлишини барчамиз яхши англаймиз. Шу боис, хотин-қизларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, фарзандларимизни муҳофаза қилиш қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур манбаи бўлган. Лекин айрим ҳолатларда аёллар ва болалар турли зўравонликларга дуч келмоқда.

Сўнгги икки йилда оилавий зўравонлик бўйича 2 мингдан зиёд жиноят аниқланган. Оилавий зўравонлик – фақат оиланинг ички иши эмас, балки бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Республика миқёсида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар этган ҳолда, самарали тизимни ташкил этади. Дарвозасига қулф осмаган, ошини кўчада еган ҳалол луқмаси билан тарихга кирган халқимиз учун коррупция кечириб бўлмас жиноятдир. Бу қараш Президент Мурожаатномасида ҳам яққол акс этган. Давлат идораларидаги ҳар бир сўм ва ресурс учун шахсий масъулият, шаффофлик ва адолат кафолатланиши лозимлиги алоҳида таъкидланган. Коррупция давлатнинг тараққиётига таҳдид, адолат ва қонун устуворлигини заифлаштирувчи омил ҳисобланади. 2026 йил коррупцияга қарши фавқулодда йил деб эълон қилинди. Ҳар бир давлат идорасида комплаенс ва ички назорат тизими йўлга қўйилади, давлат маблағлари учун шахсий масъулият қатъий равишда назарда тутилади. Кимдир қонун ва меъёрларга амал қилмаслигини тўсишга ҳаракат қилса, у ҳам масъулиятга тортилади.

Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиш таклиф қилинди. Бу йил барча ислоҳотлар, давлат дастурлари ва жамият ҳаётидаги янгиланишлар маҳаллаларда ҳамда ҳар бир оиланинг ҳаётида сезиларли бўлишига қаратилган.

Маҳалла ривожланса, жамият юксалади; жамият юксалса, мамлакат обод ва фаровон бўлади. Бу қарор халқимиз учун барқарор тараққиёт, инсон қадрини ҳурмат қилиш ва келажак авлодга ишончли муҳит яратишнинг муҳим белгиси ҳисобланади.

Фируза Муҳитдинова,

ТДЮУ профессори