French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир инсонга зарур шароитлар яратилади
17:53 / 2023-10-12

Андижонда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Андижон вилояти адлия бошқармаси ҳамкорлигида давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатимизнинг яқин йиллардаги жадал тараққиётини таъминлашга, Янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг аҳамияти, мазмун-моҳияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида видеоролик намойиш этилди.

– Барчамизга маълумки, жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимизда умумхалқ референдуми асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни қабул қилинди, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадбобур Каримов. – Мазкур қонунда белгиланган халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш мақсадида шу йил 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан кўзланган энг асосий мақсадлар барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш ҳисобланади.

[gallery-13980]

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи А. Миркомиловнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарори мазмун ва моҳияти”, Балиқчи тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти Муродулло Дадахоновнинг “Халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар”, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Матлубахон Ғаниеванинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги асосий ғоялар” мавзусидаги маърузалари тингланди.

– Ўзбекистон тараққиёти стратегиясида 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсадга эришиш белгиланган, – дейди Матлубахон Ғаниева. – Жумладан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш кўзда тутилган.

Тадбир давомида мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди. 

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), 
ЎзА мухбирлари