Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир инсон фаровон яшашга ҳақли
14:39 / 2026-01-22

Барча ҳудудларда бўлгани каби Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги Усмон Носир маҳалласида ҳам аҳолининг фаровонлигини ошириш, ижтимоий муаммоларни жойида аниқлаш ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрли ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда бу маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими жорий этилган бўлиб, у орқали оилаларга индивидуал ёндашув асосида манзилли ёрдам кўрсатилмоқда ва турмуш шароитларини яхшилашга доимий эътибор қаратилмоқда. 

Маҳаллада 1 минг 962 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳудудда 501 та оила ва 301 хонадон мавжуд бўлиб, 45 нафар ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Таҳлилларга кўра, 2025 йил давомида маҳаллага 300 тага яқин мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган. 

Масалан, Отабек Азимов камбағаллик реестрига рўйхатга олинган. Ҳозирги кунгача у чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ўтган йил ноябрь ойида газ ва электр энергияси учун 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам, 6 ойлик болалар нафақаси, ҳомийлар жалб этилиб озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қуёш панели ўрнатиб берилди. 

Шоҳиста Богатова боқувчисини йўқотгани сабабли камбағал оила рўйхатига киритилган. Шу кунга қадар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Ноябрь ойида унга ҳам газ ва электр энергияси учун 1 миллион сўм бир марталик моддий ёрдам, 6 ойлик болалар нафақаси ажратилган. 

Умуман олганда ҳудудда жорий этилган комплекс ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими аҳолининг турмуш даражасини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Ўз навбатида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ташаббуслардан аҳоли мамнун. Бу жараёнда биз каби соҳа ходимлари фаол хизмат қилишдан чарчамаймиз. 

Марғуба Пўлатова, 

Олмалиқ шаҳри Усмон Носир маҳалласида комплекс 

ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим. 

ЎзА.