Германиянинг КfW банки томонидан молиялаштириладиган “Профессионал таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, вазир ўринбосари Садоқат Сиддиқова иштирокида Германиянинг KfW банки вакиллари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур учрашувда республикадаги ҳар бир ҳудудда танлаб олинадиган профессионал таълим муассасаларида “Профессионал тайёргарлик марказлари”ни ташкил этишга оид ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, профессионал таълим муассасаларида иш берувчиларнинг таклифлари ва меҳнат бозоридаги ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёж асосида дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш, ёшлар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Келгусида тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар бўйича таълим дастурларини халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқиш ҳамда педагог кадрларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланди.
Шунингдек, Профессионал тайёргарлик марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, ўқув устахоналарини қайта жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА