Мамлакатимизда ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос буғдой ҳамда пахтанинг янги навларини яратиш борасида соҳа ходимлари, олимлар томонидан кенг кўламли ишлар, илмий изланишлар олиб бормоқда.
Фарғона вилояти Бағдод нав синаш участкасида ҳам илмий текшириш институтлари олимлари томонидан яратилган 27 турдаги пахта ҳамда 28 турдаги ғалла навлари синов тариқасида экилган. Бу навлар 3 йил мобайнида бир хил агротехник тадбирлар орқали парваришланади. Энг юқори ҳосилдорлик ва иқлим шароитига мослашувчанлик кўрсатган навлар танлаб олинади ва Фарғона водийси далаларида экиш учун кўпайтирилади.
Фарғона вилояти Бағдод нав синаш участкасида ўтказилган кўргазмали семинарда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди. Унда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, нав синаш марказлари олимлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари аъзолари иштирок этди.
– Бугун юртимизда фермерлар ва деҳқон хўжаликлари фаолият юритиши, меҳнат қилиши ва юқори даромад олиши учун барчаси муҳайё, – дейди Фарғона вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Абдуқаҳҳор Қодиров. – Минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги техникаси учун ёқилғи ва бутловчи қисмлар етказиб беришда авваллари муаммолар бўлар, бу фермер учун оғриқли нуқта эди. Бугун нафақат бу каби муаммолар бартараф этилган, балки юқори ҳосил олиш учун энг сифатли навлар танланиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда. Далаларимизда томчилатиб суғориш технологияларидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Соҳани ривожлантириш учун субсидиялар ажратилмоқда, кредит олишдаги муаммолар бартараф этилган. Бугунги кўргазмали мулоқтимиз ҳам энг аввало, фермер даласи учун энг мақбул навни яратиш ва уни етказиб беришдан иборат.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг асосий “ўсиш нуқтаси” ва драйвери бўлиши учун соҳани 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинган. Соҳа ривожи эса юз минглаб янги иш ўринлари, аҳоли учун реал даромад манбаи деганидир. Албатта, уруғчиликда эришилаётган натижалар яхши, соҳада инновацион технология иштироки эса қувонарли, лекин ҳозирги давр бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни, эртанги кунни ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.
Демак, энди нафақат пахта ва буғдойнинг янги навларини яратиш ва истиқболлиларини ҳаётга татбиқ этиш муҳим, балки қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган ҳар бир маҳсулотнинг ҳосилдорлиги, иқлим шароитига мос ва юқори сифатлисини танлаб олиш замон талабидир. Бу жараёнда нав синаш участкаларининг истиқболдаги режалари ва айни пайтда синовдан ўтказаётган янгиликлардан кутилаётган натижалар жудаям муҳимдир.
– Бизнинг нав синаш участкамиз 18,1 гектар майдонда жойлашган, – дейди “Бағдод нав синаш участкаси” бошлиғи: Одилжон Исоқов. – Шундан 8 гектар буғдой, 9 гектардан ортиқ майдонда пахта экканмиз. Фаолиятимиз хорижда ва ўзимизда яратилган янги навларни синовдан ўтказишдан иборат. Бу ерда барча навлар махсус кодга эга бўлиб, уларга бир хилда ишлов берилади. Бу майдонда 28 хил буғдой экилган. Биз бу навлар тупроқ ва иқлим шароитига мослаша оладими, мана шунга эътибор қаратамиз. Уч йил давомида қайси бир нав стандарт навга нисбатан юқори ҳосилдорлик кўрсатса, шу навни давлат экспертиза комиссиясига тақдим этамиз. Бу нав истиқболли, деб тан олинади. Ундан кейин кенгроқ майдонларга экилиб, туманлаштирилади.
Амалий семинар якунида барча фермер ва деҳқон хўжаликлари дала майдонида синовдан ўтказилаётган пахта ва буғдойнинг янги навлари билан танишди. Таъкидланганидек, ушбу синов участкасида бўй чўзиб турган янги навлар яқин келажакда фермерларнинг дала майдонларида мўл ҳосил бериб, уларнинг даромадлари ошишига замин яратади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА