Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир фуқаронинг ташвишини ўзиникидек қабул қилиш инсондан матонат талаб этади
09:28 / 2022-05-30

Оила каби маҳалла ҳам жамиятнинг бир бўлаги.

Шу боис қувонч ва ташвишларимизни бир-биримиз билан мана шу мўъжаз масканда баҳам кўрамиз. Маҳалла ҳаётидаги бу ўзгармас меҳр-оқибат анъаналари эса бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда маҳалла институтининг янада такомиллашувига сабаб бўлаётир.

Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 18 февраль куни имзоланган «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга мувофиқ янги вазирлик, яъни Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди.

Фармоннинг муҳим жиҳати шундаки, жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масаласи марказий ўринга қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллаларда ҳар бир ёшнинг маънан ва ахлоқан етук шахс бўлиб шаклланиши йўлида астойдил ҳаракат қилинмоқда. Мақсад, маҳалла болалари келажакда жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топсин, эл корига камарбаста инсон бўлиб улғайсин.

Бу борада маҳалла ёшлари ҳар томонлама назоратга олиниб, улар билан биргаликда уюшмаган аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли ўзларининг бандликларини таъминлашга ҳам қодир бўлиб, улардан кўпчилиги ҳам томорқачилик, ҳам чорвачилик билан шуғулланишиб самарали даромад топишяпти. Бу каби ўз-ўзини банд қилган фуқароларга иш фаолиятларини кенгайтириш мақсадида банклар томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб берилишига кўмаклашилмоқда.

Аслида мамлакатимизда ҳеч бир инсон ва унинг тақдири эътибордан четда қолгани йўқ. Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ҳукуматимиз томонидан ҳамиша моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Бу борадаги ишларнинг кўлами ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятида ўз ифодасини топиб бораётгани янада қувонарли.

Кейинги пайтларда маҳалла масъуллари аҳоли хонадонларига бориб, ҳар бир хўжалик аъзолари ҳолидан хабар олишлари асносида уларнинг дарду, ҳасратига қулоқ тутаётганликлари ҳамда яқиндан қилинган мулоқотлар давомида фуқароларни қийнаётган ташвиш ва муаммолар аниқланиши ортидан камчиликлар ҳамкор ташкилотлар орқали ўзаро ҳал этилаётганлиги фуқаролар йиғини масъулларининг фаолиятини янада жонланганлигидан далолатдир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кирувчи ногиронлиги бор фуқароларга зарур дори-дармонлар етказилиб берилиши, ногиронлик аравачалари ҳамда эшитиш аппаратлари каби жисмоний имкониятларини енгиллаштирувчи воситалар билан таъминланиши, табиий газ етиб бормаган ҳудудлар аҳолиси учун суюлтирилган газ баллонлари тарқатилиб келиниши, хотин-қизлар учун маиший техника жиҳозлари етказилиб берилиши уларнинг уй-рўзғор юмушларида ҳам енгиллик яратилиб берилаётганлиги инсонпарварликнинг юксак намунаси ҳисобланади.

Маҳаллаларда ўтказиладиган тадбирлар борки, бари ҳамжиҳатликда бамаслаҳат ўтади. Ана шундай бирдамликда миллий байрамларимиз Мустақиллик, Наврўз ҳамда Ҳайит кунлари арафасида Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мониторинг қилиш шаҳар, туман Кенгашлари томонидан маҳаллаларга тақсимланган совғалардан ташқари ҳудудлардаги саховатпеша тадбиркорлар томонидан тайёрланган байрамликлар билан кам таъминланган ҳамда эҳтиёжмандлар, боқувчисини йўқотган оилалар, кекса ёшдаги фуқаролар йўқланиши, уларга байрам совғалари ҳадя этилиши ортидаги саъй-ҳаракатлар инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигининг яққол исботидир.

Бугун юртимиздаги мавжуд маҳаллалар бўйлаб кенг қулоч ёзган бу каби хайрли ишлар маҳалла фуқаролар йиғини ходимларининг масъулиятларини янада оширган. Негаки, ҳар бир фуқаронинг дардини, ташвишини ўзиникидек қабул қилиш инсондан тоғдек улкан матонат талаб этади.

Одамларнинг муаммосига ечим, қийнаб турган саволларига жавоб топиб берган инсонгина маҳалла фуқаролар йиғинида масъулиятли лавозимларда ишлашга муносиб бўлади. Бундай масъулият ҳиссида тарбия топган идора ходимларидан халқ рози бўлади. Шундагина одамлар юрагидан жой олиб улар ишончига айланиши мумкин. Шундай экан, қайсики маҳалла фуқаролар йиғинида жонкуяр ва фидокор инсонлар меҳнат қилса, жамият кўзгуси бўлган маҳаллалар ҳар жиҳатдан юксалаверади.

Азизбек ЭРГАШEВ,  

Фарғона вилояти юридик техникуми  директорининг ўқув ишлари бўйича биринчи  ўринбосари