Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар бир фикр ва таклиф эътиборда
16:25 / 2025-11-05

Сирдарё вилоятида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (ЎзМТДП) кенгаши фуқаролар билан узлуксиз мулоқотни таъминлаш ва ҳар бир фикр ва таклифни эътиборда ушлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия кенгаши жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий кенгаш ва аҳоли билан алоқаларда фаол фаолият кўрсатди.

Маълумотларга кўра, партия кенгаши томонидан 43 та масала ва таклиф маҳаллий кенгаш сессияларига киритилди, доимий комиссияларга эса 62 та таклиф тақдим этилди. Шунингдек, 55 нафар мансабдор шахслар учун эшитувлар ташкил қилинди ва депутатлар томонидан берилган 174 та сўровнинг 137 таси ижобий ҳал қилинди.

Депутатлар маҳалла аҳолиси билан яқин мулоқотни таъминлаш мақсадида 93 маротаба сайёр қабул ва учрашувлар ўтказди. Бу тадбирларда 87 та маҳалла ва 2 586 нафар аҳоли иштирок этди. Жами 58 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 46 таси ижобий ҳал қилинди. Ушбу жараёнда аҳолининг фикр ва таклифлари доимо кенгаш эътиборида эканлиги таъкидланди.

Сирдарё вилояти кенгаши раиси Норбобо Соатовнинг сўзларига кўра, партиянинг асосий вазифаси — аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар учун самарали имкониятлар яратиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш.

—  Ҳар бир учрашув ва тадбир уларнинг ҳаётий малака ва фаоллигини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳолининг ҳар бир фикри ва таклифи доимо эътиборда бўлиб, қарорлар қабул қилишда асосий йўналиш ҳисобланади”, — деди Н. Соатов.

Партиянинг маънавий-маърифий фаолияти доирасида олти ой мобайнида 408 та турли тадбирлар ташкил этилди ва 12 346 нафар фуқаролар иштирок этди. Тарғибот ва тарафдорлар сонини ошириш мақсадида 211 та учрашув ва давра суҳбатларига 5 845 нафар фуқаролар жалб қилинди.

Ёшлар масалалари бўйича “Ёшлар қаноти” 121 та учрашув, давра суҳбати ва семинар ўтказди. Бу тадбирларда 3 840 нафар ёшлар иштирок этди. Шунингдек, “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида спорт, мусиқа, информатика, тил ва фанлар бўйича 10 та ўқув-тўгарак ташкил этилди ва 48 нафар уюшмаган ёшлар қамраб олинди.

Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш йўналишида 104 та турли мавзуда давра суҳбати, учрашув ва семинар ўтказилди. Бу тадбирларда 2 240 нафар хотин-қизлар қатнашди. Шунингдек, “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилаётган “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида вақтинча ишсиз хотин-қизларга бепул касб-ҳунар ўргатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Вилоятда ташкил этилган 10 та ўқув курсида республика ва халқаро танловлар ғолиблари ҳамда кўнгиллилар томонидан тикувчилик, пазандачилик ва сартарошлик каби касб-ҳунарлар ўргатилмоқда. Ҳозирги кунда бу курсларда 107 нафар хотин-қизлар фаол иштирок этишмоқда.

Н. Соатов таъкидлаганидек, кенгаш олдидаги асосий вазифалар — маҳаллаларда ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш, касб-ҳунар ҳамда таълим йўналишларини кенгайтириш, аҳоли билан мулоқотни янада самарали ташкил этишдан иборат. Унинг фикрича, фуқароларнинг фикр ва таклифларига доимо қулоқ тутиш, уларни амалиётда ҳисобга олиш кенгаш фаолиятини янада мазмунли этади, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаб, одамлар ҳаётига янгича руҳ ва ишонч бағишлайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири