Корея Экспорт-импорт банки – “Korea Eximbank” Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда Корея Республикаси Ҳукуматининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) Тошкентдаги Ваколатхонасининг Мухтор Вакили жаноб Канг Сангжин раҳбарлигида Болалар миллий тиббиёт марказида ташкил этилган тадбирда Жанубий Корея ёшлари бемор болажонлар учун байрам тадбири ўтказди.
Мажмуада даволанаётган, аксарияти турли мураккаб жарроҳлик ва лазер амалиётини бошдан ўтказган ўғил-қизлар тарқатилган совғалардан беҳад қувонди. Марказ раҳбари Бахтиёр Умаров байрамона тадбир болажонларга манзур бўлиб, уларнинг қалбларида ширин умид уйғотишини таъкидлади.
Қайд этилишича, 280 ўринга эга, 12 стационар, 10 қўшимча хизмат кўрсатиш бўлими мавжуд мазкур Болалар миллий тиббиёт маркази юртимиздаги илк шундай муассаса ҳисобланади. Қолаверса, Халқаро қўшма комиссия (JCI) сертификатига эга, махсус аккредитациядан ўтган дунёдаги ягона ихтисослашган болалар марказидир.
[gallery-26460]
– Бу шифохона оддий тиббиёт муассасаси эмас, балки Корея ва Ўзбекистон биргаликда барпо этган ҳаёт майдони, келажак авлод учун берилган ваъда, – дейди Канг Сангжин. – 2012 йил сиёсий мулоқот чоғида Корея томони “тиббий инфратузилма номутаносиблигини бартараф этиш” ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа XXI аср Корея – Ўзбекистон дўстлиги Миллий болалар касалхонаси ғояси илгари сурилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 130 миллион доллар, шундан кредит лимити 103 миллион доллар. Қурилиш 2018 йил бошланган, молиялаштириш 2023 йил декабрида тўлиқ якунланган. Ҳозир касалхона тўлиқ фаолият кўрсатмоқда. Бу бино шунчаки хона ва жиҳозлар мажмуаси эмас, балки Ўзбекистон болалари ҳаётини асраб қолувчи “умид инфратузилмаси”дир. Мажмуа фаолияти республикадаги соғлиқни сақлаш ислоҳотларининг мантиқий давомидир. Ўзбекистон ҳукумати бизни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти: Онкология маркази, Корея модели бўйича тиббий асбоб-ускуна таъминоти, Тиббиёт университети каби янги лойиҳалар ягона Соғлиқни сақлаш ҳамкорлик кластерига бирлаштирилмоқда. Корея Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) ва Пусан Миллий университети клиникаси кўмагида йилига 30 нафар шифокорни мунтазам ўқитиш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, касалхона бошқаруви ва инфекция назорати бўйича ўқув жараёни йўлга қўйилган. Шунингдек, рақамли тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик дастурига мувофиқ телемониторинг тизими бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Тошкентдаги палата деразасидан нурли табассум билан қараётган бола ортида – Корея ва Ўзбекистон биргаликда яратган митти дунё, ўзаро ишончи ва умумий меҳнат бор. Ҳамкорликда барпо этилган бу иншоот – болалар келажаги.
Муҳаррама Пирматова,
Ўктам Ҳайитов (сурат),
ЎзА