Водий вилоятлари профессионал таълим муассасалари учун ўтказилган кўргазмали семинарда асосий эътибор шу мавзуга қаратилди.
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида профессионал таълим муассасаларида хизмат кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича водий вилоятлари – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари, шунингдек, Навоий вилоятидаги профессионал таълим муассасалари директорлари ва уларнинг молия-иқтисод масалалари бўйича ўринбосарлари иштирокида ҳудудий семинар бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳудудий семинарлар ўтказиш графигига асосан ўтказилган мазкур тадбир таълим муассасаларида ўқув жараёнларининг бориши, бўш турган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, бюджетдан ташқари маблағ топиш каби йўналишлар бўйича кўргазмали тарзда ташкил этилди. Семинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, , вилоятдаги йирик иш берувчи корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар, вилоят бандлик бошқармаси, тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар ҳам қатнашишди.

Вилоятдаги барча касб-ҳунар мактаблари ва коллежлар томонидан турли йўналишларда амалга оширилган инновацион лойиҳалар, эришилган ютуқлар, ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш жараёнларидаги бевосита иштироки, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш қилинди. Таълим муассасаларида балиқчилик, кулолчилик, тикувчилик, асаларичилик, ёғоч-ўймакорлик, слесарь-токарлик, пайвандлаш, пойафзал тикиш, дизайн ва сартарошлик каби йўналишларда таҳсил олаётган ўқувчилар томонидан тайёрланган буюмлар кўргазмаси, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидан жонли лавҳалар семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
– Бугунги семинардан кўзланган мақсад ҳам айнан профессионал таълим муассасаларида хизмат кўрсатиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришдаги ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилиш, ўзаро фикр алмашишдир, – деди Фарғона вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Т.Бойматов. – Соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўп. Шундай бўлса-да, мазкур тадбир орқали ҳар бир таълим муассасаси ўзи учун зарур хулосалар олади, янги ғоялар устида ишлай бошлайди, муҳими, ёшларимизни муқим ва доимий иш билан таъминлаш, келажакда ўз ишининг устаси бўлиб етишишлари учун қулай шарт-шароит яратишда қўл келади, деб ўйлайман.
Касб-ҳунар мактаби ҳовлисида ташкил этилган кўргазмада ўқувчиларнинг ўз қўллари билан ясаган буюмлари – кулолчилик ва трикотаж маҳсулотларидан тортиб, турли ўйинчоғу ёғоч буюмларгача кўриш мумкин. Фарғона имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби ўқувчилари тайёрлаган буюмлар ва бу ерда йўлга қўйилган ишлар таҳсинга сазовор.

– Мазкур мактаб билан доимий ҳамкорлик қилиб келаман. Дарсдан кейинги пайтларда 38 нафар ўқувчининг ҳам касб ўрганиши, ҳам моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда, – дейди тадбиркор Ҳавасхон Аливердиева. – Асосан ётоқхона буюмлари, болалар ва катталар кийим-кечаклари, махсус иш кийимлари тикамиз. Ўқувчиларнинг иш ҳақи улар номига очилган пластик карталарга мунтазам тушириб борилади. Режаларимиз катта. Ўтган йили 296 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йил июль ойигача 435 миллион сўмлик кийим-кечак сотишга эришдик. Маҳсулотларимизни републикамиз вилоятларига, шунингдек, Қирғизистонга экспорт қиляпмиз.
Профессионал таълим муассасаларида дуал таълим – бир вақтда ҳам ўқиш, ҳам ишлашни йўлга қўйиш орқали битирувчиларнинг доимий бандлигини таъминлашга эришиш, меҳнат бозорида рақобатбардош ҳамда малакали мутахассисларни етиштириш бугунги куннинг долзарб вазифаси. Зеро, юртимизда фаолият олиб бораётган йирик корхоналар, кичик ишлаб чиқарувчилар учун қўлида дипломи бор битирувчилар эмас, ўз соҳасининг билимдони бўлган, эгаллаган касбини “ипидан игнасигача” биладиган йигит-қизлар зарур. Семинарга турли вилоятлардан келган мутасаддиларни айнан шу жиҳат кўпроқ қизиқтиргани ҳам бежиз эмас.

– Фарғонада амалга оширилаётган ишлар кўламини кўриб, ҳавас қилдик. Биз ўрганадиган жиҳатлар кўп экан. Ўз мулоҳазаларимизни ҳам беряпмиз, – дейди Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг ўринбосари Баҳодир Раҳимов. – Вилоятда ёшлар бандлигини таъминлаш, дуал таълимни жорий этиш орқали ўқиш ва ишлаб чиқариш узлуксизлигини йўлга қўйиш, шу асосда халқ хўжалигининг турли соҳалари учун малакали мутахассислар етиштиришга катта эътибор қаратилгани сезилиб турибди. Ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашиб, фикр алмашяпмиз. Бундай тадбирларни кўпроқ ташкиллаш тарафдориман.
Шунингдек, семинар доирасида ўқувчилар томонидан тайёрланган буюм ва маҳсулотлар ярмаркаси ҳам йўлга қўйилди. Бозор нархидан бирмунча арзон, сифатли товарларни сотиб олувчилар кўпчиликни ташкил этди.
М. Сулаймонов, ЎзА