Акс-садо
Дунё яралибдики, ислоҳотлар, янгиланиш ва ривожланишлар доимо тинч-осойишта даврларда бўлган. Тинчлик ва тотувлик ўзи билан халқ фаровонлигини олиб келган. Юрт омон экан, ундан олимлар, ижодкорлар етишиб чиққан. Шукрким, биз ҳам мана шундай улуғ неъматлар жам бўлган юртда истиқомат қилмоқдамиз. Шу кеча-кундузда минглаб юртдошларимиз муқаддас манзилларда улуғ Ҳаж амалини амалга ошириш остонасида туришибди.
Тарихдан маълум, қанчадан-қанча ота-боболаримиз бу кунларга етолмай, эмин-эркинликни, осудаликни, кенгчиликни ва айнан муқаддас Ҳаж ибодатини бажаришни сўраб, илтижо қилиб ўтишган. Уларнинг дуолари ижобат бўлган замонда мана бугун биз яшаяпмиз. Демак-ки, бизларнинг зиммамизда шукур қилиш, имкониятлардан фойдаланиш каби бурчларимиз бор.

Давлатимиз раҳбари муқаддас Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин домла Ҳолиқназаров ҳазратларига қўнғироқ қилиб, муборак сафарга отланган ўн беш минг ҳожиларимиз ҳолидан хабар олдилар.
Президентимизнинг шахсан ўзи ҳол- аҳвол сўраб, қўнғироқ қилиб, юртимиз мусулмонларини кириб келаётган муборак Қурбон ҳайити билан қутлагани, жорий йил шу пайтгача Ҳаж зиёрати учун юборилган ҳожиларнинг ибодатни бажараётгани ва мезбонлар томонидан ҳар йилгиданда яхшироқ хизматлар кўрсатилаётгани, ҳар бир чин ихлослик мусулмон қалбини ифтихор билан тўлдиради. Хотиржам яшаётганимизга шукур қилиш ҳар бир жамиятимиз вакили учун бурчдир.
Дарҳақиқат, муқаддас динимиз бизларни тинчлик ва хотиржамликни қадрлашга, Аллоҳ таолонинг ушбу неъматларига шукур қилишга чақиради. Ношукурлик, неъматларни қадрламаслик эса, Худо кўрсатмасин, ана ўша инъомлардан маҳрум бўлишга олиб келади.
Нуруллоҳ Жамолов,
Наманган шаҳридаги “Яҳёхон Тўра”
жоме масжиди имом- хатиби.
ЎзА