Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш кунига бағишланган “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат” ташаббуси доирасида Рақамли технологиялар вазирлигида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда спикерлар жабрланганларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, зўравонликнинг аёллар ва болаларга таъсири, зўравонликнинг олдини олишда таълим ва технологияларнинг аҳамияти масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, жабрланувчиларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, зўравонликнинг олдини олишдаги устувор масалалар ҳақида гапирилди.

– Зўравонликка қарши 16 кунлик фаолият кампанияси – бу шунчаки ахборот ташаббуси эмас, балки хавфсиз ва адолатли жамият қуриш йўлидаги ҳақиқий қадамдир. Ҳар бир аёл ўзини ҳимояланган ва ишончли ҳис қиладиган дунёни яратиш – бизнинг мақсадимиз. Бунда технология ва таълим бу мақсадга етишишда асосий восита бўлишига ишонамиз, – деди Рақамли технологиялар вазирининг маслаҳатчиси Камола Собирова.

Тадбирда технологияларнинг гендер тенгликка эришишда самарали восита сифатида кўрилаётгани ва бундай ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши, жамиятнинг барча қатламлари бирлашуви эса зўравонликдан ҳоли келажакни барпо этишда муҳим омил сифатида кўрилиши таъкидланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА