Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш белгиланди
15:12 / 2025-10-02

Маълумки, дастлабки аҳолини рўйхатга олиш ишлари қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Миср каби мамлакатларда ўтказилган. Аҳолининг ривожланиши унинг таркибий тузилиши, хусусиятлари ва демографик жараёнларнинг узлуксиз равишда ўзгариб бориши таъсирида содир бўлиб боради. Шу сабабли аҳолини тадқиқ этиш, доимий равишда хусусиятларини кузатиб бориш талаб этилади.

Мамлакатимизда охирги умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган бўлиб, ўтган 35 йилдан ортиқ вақт ичида демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда сезиларли ўзгаришлар юз берди.  

Миллий матбуот марказида Миллий статистика қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди, унда аҳолини камида ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда рўйхатга олиш белгиланди. 2021 йилда аҳоли ва 2022 йилда қишлоқ хўжалиги синов тариқасида рўйхатга олинди. Тўлиқ рўйхатга олиш зарур техник тайёргарлик, ҳуқуқий асослар ва бошқа омиллар сабаб 2026 йилга кўчирилди.

Аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг қишлоқ хўжалиги билан уйғун ҳолда амалга оширилиши муҳим стратегик аҳамиятга эга. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини биргаликда рўйхатга олиш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, вақтни тежаш ва сўровларни мақбуллаштириш имконини беради. Бу ёндашув мамлакатнинг молиявий ва ташкилий ресурсларини самарали бошқаришга хизмат қилади, шу билан бирга маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатини оширади.  

Рўйхатга олиш жараёни 2026 йил 15 январдан 28 февралгача бўлиб ўтади. Мазкур жараён 3 та босқичда ташкил этилади. Дастлабки 17 кун давомида аҳолига интернет орқали маълумотларни киритиш имконияти яратилади.

Аҳоли ўзи ва оила аъзолари тўғрисидаги саволномани мустақил тўлдириши мумкин бўлади. Кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юриб маълумотлар йиғилади. Жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” аъзолари махсус дастурлар асосида тайёрланади ва уларнинг фаолияти рағбатлантирилади. Уларнинг аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиши ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжи ҳамда шароитларини яхши билиши рўйхатга олиш маълумотларининг сифатини, ҳаққонийлиги ва аниқлигини кафолатлайди. Бу ёндашув нафақат иқтисодий тежамкорликни таъминлайди, балки давлат ва жамият ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.

Рўйхатга олиш жараёнлари якунлангандан сўнг маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади. Натижалар Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилги тавсияларига мувофиқ умумлаштирилади. Натижада мамлакатимиз аҳолисининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шаклланади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига оид кўрсаткичлар аниқланади.

Йиғилган маълумотлар республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда муҳим ахборот базаси бўлиб хизмат қилади.

Рўйхатга олиш жараёнлари ўтказиладиган мазкур давр аҳоли ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун нисбатан кам ҳаракатланадиган қиш фаслига тўғри келиши билан ҳам қулайлик яратади. Бу даврда қишлоқ хўжалигида ҳам мавсумий ишлар камайган бўлиб, фермерлар ва деҳқонлар учун маълумотларни тақдим этиш вақти қулайроқ бўлади.  

Мавсумий омилларни ҳисобга олиш, шунингдек, ташкилий имкониятлардан самарали фойдаланиш рўйхатга олиш жараёнининг аниқлиги ва тўлиқлигини таъминлайди. Масалан, қиш фаслида чорва молларининг сони ва ер ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини аниқлаш осонроқ бўлиб, бу маълумотларнинг ишончлилигини оширади.  

Сўровномадаги 71 та саволнинг 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид. Жумладан, асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг даромад манбаи, бандлиги ва таълим даражаси, турар жой хусусиятлари, айрим тоифалар, чет эл фуқаролари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича саволлар ўрин олган.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нафақат давлат органлари учун статистик маълумотлар йиғиш воситаси, балки бутун жамиятнинг фаровонлиги ва келажак ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим тадбирдир.  

[gallery-25542]

Ушбу жараёнда олинган маълумотлар мамлакатимиз барча фуқароларининг яшаш сифати, ижтимоий фаровонлиги ва келажак имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис, ҳар бир фуқаронинг фаол ва масъулиятли иштироки ушбу тарихий жараённинг самарали ва муваффақиятли ўтишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Гулноза Бобоева, ЎзА