«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, тиббий суғурта тизими билан аҳолини 100 фоиз қамраб олиш, 2023–2025 йилларда «Электрон рецепт»тизимини жорий этиш, санаторийларга йўлланма олиш, навбатни кузатиш ва бўш ўринларни кўриш имкониятини берадиган «Электрон санаторий» платформасини ишлаб чиқиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бугунги кунда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳам келгуси режалар учун муҳим асос бўлади. Шу мақсадда, ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳага қаратилаётган эътибор ва унинг натижалари кенг қамровлидир.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Анвар Шоазизов 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий натижаларига аҳамият қаратди:
– Таъкидлаш керакки, бугун қайси соҳани қарамайлик, унда катта ўзгаришларни кузатиш мумкин. Шу каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам янгиликлар татбиқ этиб борилмоқда.
2017-2023 йиллардаги ўзгаришларни рақамлар таҳлилида кўрадиган бўлсак, ушбу даврда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган маблағлар қарийб 3,9 баробар ошган. Агар харажатлар 2017 йилда 7330 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 28 426 миллиард сўмга етди ва давлат бюджети харажатларидаги улуши 22 фоизни ташкил қилди.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида фаолият юритаётган давлат тасарруфидаги корхона ва ташкилотларнинг умумий сони 2017 йилдагига нисбатан 1,9 баробар ошди ва 11 минг 31 тага етди. Фаолият юритаётган давлат амбулатория-поликлиника муассасалари сони 2696 тани ташкил этади. Улар бир сменада 354 минг 738 қатнов қувватига эга. Ҳар 10 000 кишига 98,5 қатнов тўғри келади. Давлат тасарруфидаги шифохоналар сони 573 тага етди. Уларда 124 минг 101 та ўрин мавжуд. Ҳар 10 000 кишига 33,7 қатнов тўғри келади. Бир бемор ўртача 6,3 кун ичида даволаниб чиқади.
Соҳанинг мутахассислар билан таъминланиш даражаси яхшиланиб бормоқда. Бугун ҳар 10 000 кишига 22,3 нафар шифокор ва 99,4 нафар ўрта тиббиёт ходими тўғри келади. Ўртача умр кўриш давомийлиги 2017 йилдаги 73,7 ёшдан 2022 йилда 74,7 ёшга кўтарилди.
2017-2023 йиллар оралиғида ўлимнинг умумий коэффициенти 5,0 промилледан 4,7 промиллега, юқумли ва паразитар касалликлар туфайли ўлим даражаси 1,7 фоиздан 1,3 фоизга, овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари туфайли ўлим даражаси 5,7 фоиздан 4,1 фоизга ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ўлими 27,6 фоиздан 24,6 фоизгача камайди.
Шунингдек, мамлакатимизда тиббиёт туризмининг ривожланиши соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг сезиларли натижаси бўлди. Агар 2017 йилда Ўзбекистонга даволаниш мақсадида келган сайёҳлар сони 28,7 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 63,3 минг нафарга етди. Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш доирасида мамлакатимизда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилди. Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта тизими жорий этилди.
Албатта, тизимдаги бу каби ислоҳотлар самараси «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросида мустаҳкам пойдевор бўлади, дейиш мумкин.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди