Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ҳаққим бор" фильми "Epica Awards" халқаро танлови ғолиби бўлди
10:18 / 2026-03-03

Замонавий жамиятда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳит яратиш долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ташаббуслар нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан яратилган "Ҳаққим бор" номли фильм нуфузли "Epica Awards" халқаро танловида ғолибликни қўлга киритди.

Мазкур фильм болаларга нисбатан зўравонлик муаммосини очиб бериб, жамиятдаги энг оғриқли ва долзарб масалалардан бирига эътибор қаратади. У нафақат ижтимоий муаммони кўтариб чиқади, балки ҳар бир боланинг ҳуқуқи, қадри ва хавфсизлиги устувор эканини кенг жамоатчиликка яна бир бор эслатади.

"Epica Awards" — бутун дунё бўйлаб реклама ва креатив соҳадаги энг нуфузли танловлардан бири ҳисобланади. Унда ҳар йили турли мамлакатлардан агентликлар ва брендларнинг энг яхши ижодий ишлари баҳоланади. Мазкур мукофотни қўлга киритиш агентликнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро даражада эътироф этилганини кўрсатади.

Фильм Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ташаббуси билан суратга олинган бўлиб, ўтган 2024 йилнинг май ойида кенг жамоатчиликка тақдим этилган эди. Қисқа вақт ичида у нафақат томошабинлар, балки халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди.

Хусусан, фильм "Red Jolbors" ҳамда "STAFF PICK" каби халқаро танловларда ҳам совриндор бўлиб, ижтимоий масъулият, барқарор ривожланиш ва жамоатчилик билан самарали мулоқот йўналишларидаги ёндашуви учун алоҳида эътироф этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай лойиҳалар нафақат ижтимоий муаммоларни ёритади, балки жамиятни ўйлашга, болалар тақдирига бефарқ бўлмасликка ундайди. “Ҳаққим бор” фильми эса ҳар бир боланинг ҳимояси — умумий масъулият эканини яна бир бор намоён этди.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА