Бугун шаҳар кўчаларида, тўй-маъракаларда ва расмий тадбирларда миллий либос кийган инсонларни кўриб кўз қувонади. Атлас ва адрасдан тикилган кўйлаклар, зийнатли чопон ва дўппилар. Булар нафақат зеб-зийнат, балки халқимизнинг қалбидаги маданият ва гўзалликка бўлган муҳаббатнинг ёрқин ифодасидир.
Яқинда маҳалладаги бир тўйда қизларимизнинг атлас кўйлакларда хиром айлаётганини кўриб қувондим. Қанча замон ўтмасин, миллий кийим ўз қадрини йўқотмайди. Аксинча, замонга мослашиб, янада гўзал ва замонавий кўринишда намоён бўлади.
Эркаклар орасида ҳам чопон ва дўппи кийиш қайтадан урфга киряпти. Турли тадбирларда раҳбарларнинг миллий чопон ва дўппида халқ олдида чиқишлари, кишига ифтихор бағишлайди. Раҳбар кийган либос халқ орасида иззатда бўлади, миллий кийим эса орият, камтарлик ва ўзлик рамзи сифатида қадрланади.

Афсуски, айрим ёшлар “миллий кийимлар эскирган”, “модадан қолган” деб ўйлашади. Аммо шу “эски” деб қаралган либослар ҳозирги кунда жаҳон миқёсида энг кўркам, қадрли ва маъноли либослар сирасига кираётганини унутмаслик керак. Ҳар бир миллат ўз кийими орқали танилади. Миллий либос кийиш ўзликни, миллатни ва қадриятни ардоқлашдир.
Бугунги кунда ўзбек миллий либослари нафақат байрам ва тўйларда, балки киноларда, саҳналарда, ҳатто кундалик ҳаётда ҳам кўп кўринаяпти. Ўзбек киноси ва саҳна санъатидаги кўплаб машҳур образлар миллий кийимлар орқали халқимизнинг қалбида ўчмас из қолдирган.
Масалан, Абдулла Қодирий ҳақидаги фильмдаги персонажлар белбоғли, чопонли, дўппили ҳолда тарихни намоён этади. “Ўткан кунлар”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Шум бола” каби фильмларда қизлар атлас кўйлакда, йигитларнинг бошида дўппи. Бу орқали ҳам ўтмишимиз, маданиятимиз, миллийлигимиз кўрсатиб берилган.

Санъат оламидаги севимли актёр ва актрисалар клиплар, концертлар ва оммавий тадбирларда миллий либосларда чиқмоқда. Аёл хонандаларнинг концертларида адрас ва ипакдан тикилган замонавий кўйлаклар орқали миллийлик ва мода ўртасида гўзал уйғунлик яратиляпти. Бу орқали ёшларда миллий кийимга қизиқиш, ўзликка ҳурмат уйғониб бормоқда.
Ўзбекистонда миллий либос нафақат моддий мерос, балки миллий ифтихор ва маънавий тарбия воситаси сифатида ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Ҳар йили мамлакатимизнинг турли шаҳарларида бу йўналишда муҳим тадбирлар ташкил этилаётир.
Шулардан бири — Ўзбекистон мода ҳафталиги. Бу тадбир ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказилади. Унда маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирок этиб, ўзбек миллий матолари — адрас, атлас, беқасам ва зардўзлик орқали замонавий кийимларни намойиш қилади.

Ўзбек либослари халқаро саҳнада кенг тарғиб этилаётир.
Бундан ташқари, “Ҳунарманд” уюшмаси мамлакатимизнинг турли ҳудудларида миллий либослар ва матолар кўргазмаларини ташкил қилиб, маҳаллий ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Фарғона водийси, айниқса, Марғилон шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Атлас байрами” миллий либос ва зеб-зийнат байрамига айланган. Бу тадбирда аёллар адрас ва атласдан тикилган миллий либосларда қатнашиб, ўзликни, гўзалликни ва қадриятни намоён қилади.
Тошкент шаҳрида эса “Миллий либос — миллий қадрият” фестивали ўтказилиб, унда мактаб, коллеж ва университет талабалари миллий либосларда қатнашиб, миллийликни ардоқлашда фаол иштирок этмоқда.

Умумхалқ байрамларида, туризм фестивалларида ва ҳунармандчилик ярмаркаларида миллий либосда қатнашиш кенг оммалашган. Шунингдек, хорижлик меҳмонлар учун ташкил этиладиган тадбирларда ҳам ўзбек миллий кийимлари орқали мамлакат имижи тарғиб қилинмоқда.
Телерадиоканалларда ҳам “Миллий либос ҳафталиги” каби махсус кўрсатувлар орқали миллий кийим маданияти кенг тарғиб этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек миллий либослари халқимизнинг руҳи, орияти, маданияти ва гўзалликка муҳаббатининг кўзгусидир. Уни кийиш ўзликни ардоқлаш, сақлаш — келажак авлодга маънавий мерос қолдириш демакдир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА