1 март – Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Озод Шарафиддинов таваллуд топган кун
Озод Шарафиддинов замонамизнинг афсонавий сиймоларидан бири эди. Устоз Абдулла Орипов ҳайратланарли бир воқеани айтиб берган: “Озод ака билан суҳбатлашиб ўтирган эдик. Тўсатдан менга:
- Абдуллажон, тасаввур қилинг, 38-йил қайтиб келди ва сизни олиб кетишяпти... Нима деб ўйлайсиз, мухлисларингиз орасида: “Шоиримни қамайдиган бўлсанг, мени ҳам бирга олиб кет!” – дейдигани борми?
Бу саволни эшитиб, қотиб қолдим. Нима дейишимни ҳам билмайман. Бундай фидойини тасаввуримга келтира олмадим. Ўйланиб қолганимни кўриб, Озод ака гапида давом этди:
- Тўғриси, Абдуллажон, бундай одам топилиши қийин. Агар шу гапни айта оладиган биргина мухлисингиз бўлса, у ҳам менман. Фақат мен айтишим мумкин бундай гапни!”
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов ана шундай мард, ўктам ва жасоратли инсон, тафаккури теран ва тахайюл олами кенг ҳақиқий олим эди. Ўзи учун эмас, миллатнинг саодатини ўйлаб қайғура оладиган шахс эди.
Агар у бугун ҳаёт бўлганида 95 ёшни қарши олган бўларди. Устознинг шеъриятни қайси мезонлар асосида тадқиқ этгани ҳақидаги айрим мулоҳазаларимизни ҳавола этамиз.
Ўзбек шеършунослиги миллий шеъриятимиз билан тенгдошдир, ҳамқадам ва ҳамнафасдир. Назмнинг илк намуналари яратилган кезлардаёқ шеърият ҳақида фикр айтилгани, унга баҳо берилгани исбот талаб қилмайди. Бироқ шеършунослик илмнинг алоҳида йўналиши сифатида нисбатан кейинроқ шакллангани ва тараққий этгани ҳам рост. Адабиётшунослигимизда юксак савияли махсус илмий-назарий асарлар кейинги замонларда яратилгани ҳам буни тасдиқлайди. Шайх Аҳмад Тарозийнинг “Фунун ул-балоға”, Алишер Навоийнинг “Мезон ул-авзон”, “Мажолис ун-нафоис”, Заҳириддин Бобурнинг “Рисолаи аруз” асарлари шеършунослигимизнинг ана шундай мумтоз намуналаридир.
Таъкидлаш жоизки, Фурқатнинг “Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида” номли назмий асари, Фитрат, Чўлпон ва Вадуд Маҳмуднинг адабий рисолалари ҳамда мақолаларидан бошланган янги замон шеършунослиги Ойбек, Ғафур Ғулом сингари академик адиб ва шоирларимиз, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов сингари нуктадон олимларимиз томонидан бойитилди ва ривожлантирилди. Бу борада, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Озод Шарафиддиновнинг илмий фаолияти, айниқса, таҳсинга лойиқдир.
Устоз олимнинг “Замон, қалб, поэзия” деб номланган китоби ўша мураккаб ва зиддиятли замонда шеъриятга янгича нуқтаи назарни ифодалагани, назмий асарларни баҳолашнинг Озод Шарафиддиновга хос мезонлари акс этгани билан аҳамиятлидир. Профессор Умарали Норматов таъбири билан айтганда, бу китоб “шеъриятни, умуман, адабий жараённи янгича англаш, идрок ва талқин этишнинг ёрқин намунаси эди”.
Озод Шарафиддинов шеъриятга ўзига хос мезонлар билан ёндашган. Бу мезонларнинг биринчиси ва олим асарларининг асл моҳиятини акс эттирадигани – ҳақиқатпарастлик. Ана шу мезон уни адабиётдаги, хусусан, шеъриятдаги ўртамиёначиликни фош этишга ундади. Буни профессор Бегали Қосимов қуйидагича баҳолаган эди: “Табиат унга (Озод Шарафиддиновга) адабиётни нозик ҳис қилиш ва муносиб баҳолаш салоҳиятини ҳамда уни рўй-рост айтиш жасоратини берди. Унинг ижодда ўртамиёналикка, “кўлмак давралар”га (Абдулла Орипов ибораси) тоқати йўқ эди... Лекин ҳамиша ижоди ва фаолияти “қиличнинг дами”да кечди. Чунки у ўртамиёна яшай олмасди, ўртамиёна сева олмасди. Айримлардек кўнглидагини яшира олмасди. Дилидаги тилида эди”.
Олимнинг илк асарлариданоқ шеъриятимизнинг юксак чўққиларга кўтарилишига халақит бераётган камчиликларга эътибор қаратиши сабабини ҳам ана шу ҳақиқатпарастлик мезони билан изоҳлаш мумкин. Унинг баъзан заиф шеърларнинг остида атоқли, хизмат кўрсатган, ҳатто йирик шоирнинг имзоси туришини таассуф билан таъкидлаши боиси ҳам шунда. Номдор муаллифлар томонидан ёзилган, ўша замон мафкурасига ҳар жиҳатдан мос, лекин бадиият талабларига жавоб бера олмайдиган битиклар ҳақида “Шеърми шу асар? Поэзия борми унда?”, деган ҳақли саволларни фақат Озод Шарафиддинов сингари фаҳмида мезони бор олимгина ўртага ташлаши мумкин эди ўша мураккаб даврда.
“Ҳар қандай шеър поэзия бўлавермайди, – деб ёзади олим. – Агар поэзиянинг моҳияти вазн ва туроқлардан, қофия ва аллитерациялардангина иборат бўлганда, маълум бир маънони маълум бир оҳангда ифодалашдан нарига ўтмаганда, дунёда шоирликдан осонроқ иш бўлмас эди. Агар шундай бўлса, ўртача саводи бор, эси бутун ҳар қандай одамни бир ҳафта ўқитиб, бинойидек шоир қилиш мумкин бўларди. Унга ҳатто чиройли ўхшатишлар, аниқ сифатлашлар, оригинал метофоралар топиш йўлини ҳам ўргатиб қўйса бўларди. Ҳолбуки, бундай эмас. Поэзия газетанинг информация жанридан фарқ қилади. Шоирлик – инсон фаолиятининг энг қийин, мураккаб томонларидан биридир. Шоир деган одам ўткир фикр юритиш қобилиятига, шоирлик талантига эга бўлиши лозим. Талант бўлмаса, ҳар қанча уринган билан чинакам поэзия намуналарини яратиб бўлмайди”.
Орадан қарийб ярим аср муддат ўтган бўлса ҳам, устоз шеършуноснинг бу фикрлари аҳамиятини заррача йўқотган эмас. Ҳар сафар бу сўзларни ўқиганимда бир ҳаваскор қаламкаш тенгдошимнинг ижодкорлик даъвоси эсимга тушади. Камина унга: “Сизнинг қораламаларингизда адабиётга дахлдорлик йўқ. Бу ёзганларингиз нари борса хабар мақолалар савиясида” десам, “Йўқ, мен машҳур ижодкор бўламан”, дея баҳслашарди. Орадан йиллар ўтиб, ўша танишим китоб чиқарди. Менга олиб келиб: “Сендан шоир чиқмайди”, дегандингиз. Мана китобим нашр этилди. Мен шоир бўлдим”, деб иддао қилди. “Хафа бўлмангу, эҳтимол, яна ўнлаб китоблар чиқарарсиз, аммо бу қораламаларингизда шоирлик истеъдодининг учқуни ҳам кўринмаяпти”, дегандим ўшанда. Ҳозир ўша тенгдошим қойилмақом тадбиркорга айланди... Бу воқеа устоз Озод Шарафиддиновнинг юқоридаги фикрлари ҳаётда ўз тасдиғини минглаб марта топганига биргина далил, холос.
Ҳақиқатпарастлик – мунаққид учун муҳим фазилат. Агар у ҳақиқатпараст бўлмаса, бадиий ижоддаги халтурага, шеъриятдаги назмбозликка бефарқ қараса, ҳеч қачон адабиётнинг равнақига хизмат қила олмайди. Аксинча, унинг заволига сабабчи бўлиши мумкин. Устоз шеършуноснинг “Замон, қалб, поэзия” китобидан ўрин олган “Лирика ҳақида мулоҳазалар” мақоласида ҳам ҳақиқатпарастлик фазилати яққол кўринади. Лирикада индивидуалликка, ўзига хосликка интилиш зарурлигини таъкидлаган олим “Ҳар бир шеър – у ҳаётимизнинг қайси томонига бағишланган бўлмасин, турмушимизнинг қайси соҳасини акс эттирмасин – шоирнинг кашфиёти бўлиши лозим”, деб ҳисоблайди.
Олим ҳақиқатпараст шеършунос сифатида ўтган асрнинг эллигинчи йиллари шеъриятига хос икки камчиликни алоҳида ажратиб кўрсатган эди. Булардан биринчиси – жонли инсон туйғуларини, ҳис-ҳаяжонларини, фикрларини ифодалашдаги примитивлик, иккинчиси эса – замондошимизнинг маънавий дунёсини бутун бойлиги ва мураккаблиги билан ифодалай олмаслик. Бу камчиликларнинг бугун яратилаётган айрим шеърий асарларда ҳам учрашини устоз шеършуноснинг назм тараққиётига хос қонуниятларни нечоғлиқ нозик илғаши, нуктадонлиги билан изоҳлаш мумкин.
Маълумки, шўролар замонида шеърият олдига бахт ва шодликни куйлаш вазифаси қўйилган эди. Ғам-андуҳни, армон ва изтиробни тасвирлаш ёхуд шеърият олдига шундай талабларни қўйиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши муқаррар эди. Ўша зиддиятли шароитда образ яратишда теран ўй, эҳтиросли завқ, енгил ҳазил қатори ҳасрат ва мунгдан ҳам фойдаланишга даъват этиш адабиётшуносдан чинакам жасоратни талаб қиларди. Қаловини топиб, ана шундай талабни қўя олгани ҳам устоз олим учун ҳақиқат ҳар нарсадан устун бўлганини кўрсатади.
Озод Шарафиддинов ҳақиқатпараст сифатида наинки ижод аҳлига, ҳатто ўзига нисбатан ҳам шафқатсиз экани ҳайратланарлидир. Акс ҳолда “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” мақоласида олим ўз шахсиятига, ҳаётий аъмолига бобурона нигоҳ ташлай билармиди?! Ёхуд “Мувашшаҳ” сарлавҳали эссесида: “...мен адабиётшунос сифатида Абдуллажоннинг ижодидан уч-тўртта мақола эълон қилганман-у, лекин унинг ижодини ҳар томонлама тадқиқ этувчи, ХХ аср шеъриятида, қолаверса, жаҳон шеъриятида Абдулла Орипов феноменини тўла бўлмаса-да, бир қадар мукаммалроқ очиб берадиган дурустроқ бир мақола ҳам ёзган эмасман. Ҳар гал бу ишга киришмоқчи бўлганимда, бу шеърият қаршисида қаламимнинг бениҳоя ожизлигини ҳис қилардим...”, тарзидаги эътирофларни ёза олармиди?!
Озод Шарафиддинов шеършунослигига хос иккинчи мезон – юксак профессионал билимга асосланган талабчанликдир. Олимнинг фикрича: “Поэзия ҳам, умуман санъат каби, воқеликни фақат кўзгудек устки томонидан эмас, балки моҳияти билан акс эттиради. Поэзияни ҳам, биринчи навбатда, инсон қалбининг таманнолари қизиқтиради. Шу маънода поэзиядаги замонавийлик – кундалик ҳодисаларга бевосита поэтик жавобгина эмас, балки ҳаётий тенденцияларнинг, процессларнинг ич-ичига, моҳиятига кира билиш ҳамдир... Хуллас, ҳар қандай шеър қофияси ва вазни, туроғи ва банди жойида бўлгани билан поэзия бўлавермайди. Чинакам поэзия билан назмбозликни бир-биридан кескин фарқ қилиш керак. Поэзия – талантдан бошланади. Талант эса ҳаётнинг ҳеч ким кўрмаган томонларини кўра олиш, у орқали воқеликнинг муҳим томонларини ифодалай олиш, даврнинг катта проблемаларини кўтариб чиқа олиш қобилиятидир”
Озод Шарафиддинов шеър чинакам юксак поэзия даражасига кўтарилиши учун индивидуал услуб ва стилларнинг ранг-баранглиги, бойлигига эришмоқ зарур, деб ҳисоблайди. Фалсафий мулоҳазаларни ҳам, чуқур ўйларни ҳам, драматизм билан суғорилган кечинмаларни ҳам ифодалашга, йирик масштабли, қабариқ образлар яратишга имкон берадиган услублар кераклигини таъкидлайди. Шеъриятнинг ҳам, умуман, адабиётнинг ҳам асосий услуби – социалистик реализм, деб эълон қилинган бир замонда бундай талабни қўйиш осон бўлмагани аниқ. Бундай талабни фақат Озод Шарафиддинов сингари фаҳмида мезони бор олимгина ўртага қўйиши мумкин эди ўша замонда.
Устоз шеършуноснинг қарашича: “Индивидуал услуб, стиль, манера, албатта, биринчи навбатда, шоир шахси билан, унинг воқеликка ўзича мустақил ва оригинал қарай олиш қобилияти билан, ўзи кўрган муҳим нарсаларни оригинал формада ифода қилиб бериш истеъдоди билан боғлиқ”. Бу – жуда ҳам муҳим, ҳеч бир замонда аҳамиятини йўқотмайдиган талаб. Бинобарин, миллий шеъриятимиз, ҳатто жаҳон поэзияси тарихида ҳам ана шундай шахсиятга эга шоирлар бениҳоя кам экани бунинг исботидир.
Олим Шайхзодани “индивидуал манераси ёрқин ифодаланган шоирлардан бири” деб ҳисоблайди. Шоир шеърларида доимо ўткир публицистик руҳ чуқур фалсафий фикрлар билан қўшилиб кетишини таъкидлайди. Миртемир шеърлари, унинг фикрича, “халқ поэзиясига яқинлиги” билан алоҳида ажралиб туради. “Бу яқинлик ритмикада эмас, балки бевосита ҳисларнинг ифодаланишида, халқ поэзиясидаги соддаликнинг қабул қилинганида”, деб билади. Асқад Мухтор эса, олимнинг қайд этишича, “шеърларида кўпроқ ихчамликка интилади. Унинг кўп шеърлари конкрет воқеалар замирига қурилган. Яхши маънодаги воқеабандлик шоир шеърларининг кучли томонини ташкил қилади”. Машраб Бобоев, Шуҳрат каби шоирлар яна бошқачароқ йўлдан боради. “Уларда, айниқса, воқеликни майин лиризм орқали ифодалашга интилиш кучли”. Мазкур ижодкорларнинг шеъриятдаги ютуқларини шу тарзда баҳолаган олим кези келганда уларнинг поэтик кашфиёт даражасига кўтарила олмаган, баёнчилик руҳи етакчилик қилган асарлари хусусида танқидий мулоҳазаларни ҳам билдиради. Бу орқали шеърий асарлар савиясига бўлган талабчанлик, ижодкорнинг адабиётдаги мавқеидан қатъи назар, барчага баробар эканини амалда исбот этади.
Шеършунос олим ўтган асрнинг эллигинчи йиллари лирикаси ҳақида мулоҳаза юритар экан, унинг тараққиётига тўсиқ бўлаётган қуйидаги беш йирик камчиликни қайд этади: 1) жимжимадор, баланпарвоз стиль; 2) сохта стиль; 3) тасвирнинг ғоят рангсизлиги, адабий приемларнинг камбағаллиги, такрорнинг устунлиги; 4) тасвир воситаларининг ночорлиги; 6) шеърий техника масалаларининг диққат марказидан четда қолаётгани. Бу сингари камчиликлар шеъриятимизнинг бугунги вакиллари ижодида ҳам учраши шеършуносликда бундай талабчанлик мудом зарурлигини кўрсатади.
Олим шеършунослигига хос учинчи мезон – изланувчанлик. У шеъриятда изланиш руҳи ҳукмрон бўлиши зарур, деб ҳисоблайди. Шеършуноснинг фикрича: “Санъат, поэзия ҳамиша санъаткорнинг воқеликка янгича муносабатидан, янгича қарашидан, янгича фикрлашидан бошланади”. Муттасил изланиш, ҳар бир шеърда бирон янгилик кашф қилишга интилиш руҳи Миртемир ижодида кучли эканини таъкидлаган олим ёш истеъдодларни ундан ўрганишга чақиради. Миллий шеъриятимиздаги бунинг акси бўлган, изланиш ва кашфиёт руҳидан маҳрум, баёнчиликка асосланган асарларни кескин танқид қилади. Шеърият ҳаётий воқеликни шунчаки қайд қилувчи эмас, ундаги ҳеч ким пайқамаган, ҳали ўзгалар сезишга улгурмаган поэтик гўзалликларни инкишоф этиш йўлидан бориши зарурлигини уқтиради.
Мунаққид насиҳатгўйлик, дидактизмга берилиш кўпгина шеърларнинг ҳуснига доғ бўлиб тушаётганини, қуруқ баёнчиликка, тавсифга интилиш, поэтик кашфиётлар ўрнига ҳаётий фактларни қайд қилиш билан чекланиш ҳоллари кўплаб учраётганини аниқ мисоллар билан танқид қилади. Замондош шоирлар шеърлари таҳлили асосида ижод аҳлини поэзиянинг умумий савиясига путур етказадиган, уни қанотдан маҳрум қилиб, риторика ва декларацияга айлантирадиган иллат – иллюстрациячиликдан, яъни юзаки тасвирийликдан сақланиш зарурлиги ҳақида огоҳлантиради.
Поэзиянинг интеллектуаллиги – ижоддаги изланувчанлик самарасини белгиловчи бош омил. Бироқ бу тушунча ҳар доим ҳам адабиётшунослар, шоиру адиблар томонидан турлича талқин этилган, унга муносабат ҳар хил бўлган. Озод Шарафиддиновнинг бу борадаги нуқтаи назари ҳам ўзига хос. Жумладан, олим бундай ёзади: “Баъзилар поэзиянинг интеллектуаллиги деганда, ғоят мураккаб ташбеҳларни, бениҳоя мавҳум фикрларни тушунишади. Менимча, бу тўғри эмас. Чинакам интеллектуаллик ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларнинг чуқурлиги ва оригиналлигида кўринади”. Лирикада интеллектуаллик чуқур бўлишининг аҳамияти ҳақида баҳс юритган олим у поэзияда фалсафий лириканинг кучайишига, ўткир умумлашмаларнинг кўпайишига олиб келишини алоҳида таъкидлайди.
Муттасил изланувчанлик – Озод Шарафиддинов шеършунослигининг хос хусусияти. Мустақилликка эришилгач, олим “Адабиётда диний оҳанглар” сарлавҳали мақола ёзди. Унда диний мавзуга бағишланган барча адабий тур ва жанрлардаги асарлар қатори шу йўналишдаги шеърият намуналари ҳақида ҳам теран кузатишларини баён этди. “Модернизм – жўн ҳодиса... эмас” сарлавҳали адабий суҳбатда шеърий ижоддаги шакл ва услубга доир изланишларга холис баҳо берди. Бошқача айтганда, адабиётда, шеъриятда пайдо бўлган бирор ҳодиса устоз олимнинг тийрак назаридан четда қолган эмас.
Озод Шарафиддинов шеършунослигига хос тўртинчи мезон – ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий камолотига қанот бағишлашдир. “Замон, қалб, поэзия” китобидаёқ олим шеъриятимиз ривожида ёшларнинг ҳиссаси катта бўлаётганидан, поэзиянинг эртасига ишонч ва умид билан қараш мумкинлигидан беҳад қувонган эди. Устоз шеършуноснинг Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов сингари ХХ аср ўзбек шеъриятининг забардаст вакиллари, адабиётимиз қаҳрамонларини илк шеърлариданоқ қўллаб-қувватлагани, уларнинг ижодий камолотига қанот бағишлагани бунинг далилидир.
Олимнинг “Ниҳоллар” мақоласи адабиётга дадил кириб келаётган ёш истеъдодлар ижодига бағишланган. У Теша Сайдалиев, Ҳусниддин Шарипов, Охунжон Ҳакимов, Хайриддин Салоҳ, Шукрулла, Тошпўлат Ҳамид, Юсуф Шомансур, Ҳабиб Саъдулла каби ўша даврнинг ёш ижодкорлари шеърий тўпламларини истеъдоднинг юзага чиқиши сифатида баҳолади. Гулчеҳра Жўраева, Эътибор Охунова сингари аёл ижодкорларнинг дадил қалам тебратаётганидан қувонди. Оригиналлик талантнинг дастлабки белгиси эканини таъкидлаган олим тематика, жанр, поэтик образлар ва шеърнинг бошқа компонентлари поэзияда бош мақсад эмас, восита эканини, бош мақсад эса воқеликни оҳорли акс эттириш, унинг муҳим томонларини, янги қирраларини очиб бериш эканини таъкидлайди. Ижодкор фақат санъаткоргина эмас, ўткир зеҳнли мутафаккир, чуқур идрокли файласуф ҳам бўлиши кераклигини, ёшлар бугунги адабиётимиз тақдири учун жавобгар эканини уқтиради.
Олим бугун эл ардоғидаги кўплаб истеъдодларга чин маънода устозлик қилди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ижодий истиқболи ҳақида билдирган қуйидаги фикрлари ҳам буни тасдиқлайди: “Шоирлар ҳар хил туғилади. Шоирларки бор, гўдак атак-чечак қилиб йўл юришни ўргангандек, кўп йиллар давомида шеърият алифбесини ўзлаштиради, ҳар хил шоирларга эргашиб кўради, изланади ва бора-бора қийналиб бўлса-да, ўз йўлини топиб олади. Шоирларки бор, биринчи қадамлариданоқ ҳаммани лол қолдириб, туйғуларини, ҳисларини, фикрларини тутилмаган образларга буркаб, “афсоналарнинг тушига кирмаган сўзлар”да куйлай бошлашади. Уларни “ёш шоир” деган тушунчага сиғдириш қийин. Улар ёши кичик бўлса-да, шеъри, шеърий тафаккури балоғатга етган бўлади. Назаримда, Сирожиддин Саййидни ана шундай “тайёр” шоирлар тоифасидан десак, хато бўлмайди”.
Умуман, Озод Шарафиддиновнинг шеърият ҳақидаги тадқиқотлари шеършунос қандай бўлиши кераклиги, поэзияни баҳолашда қай бир мезонларга таяниш зарурлиги ҳақида теран хулосалар чиқариш имконини беради. Ишонч билан айтиш мумкинки, худди ана шу фазилатлари боис олимнинг бошқа асарлари қатори шеърият таҳлилига оид илмий ишлари ҳам мудом миллий адабиётимиз равнақига, шеършуносларнинг янги навқирон ва салоҳиятли авлодларини тарбиялаб етиштириш ишига муносиб хизмат қилаверади.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
ЎзА