Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳақиқатни куйлаган адиб
13:03 / 2021-08-25

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

     Жонажон Ўзбекистонимизнинг барча гўшаларида атоқли адиб таваллудига бағишланган мулоқотлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Наққошлик кўчасидаги адиб яшаган хонадонда Ўткир Ҳошимов хотирасига бағишлаб барельеф ўрнатишга  бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

   Хотира барельефининг тантанали очилишига адиб ва шоирлар,адабиётшунос олимлар, ёзувчининг  қадрдонлари, ижодкор ёшлар  жам бўлди.

    Мамлакатимизда миллий адабиётни, китобхонликни, ижодкорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, миллий сўз санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган устоз ёзувчиларнинг хотирасини ардоқлаш борасида илгари мисли кўрилмаган эзгу ишлар олиб борилмоқда.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли адиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султонов, "Шарқ юлдузи" ва "Звезда Востока" журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф мамлакатимизда адабиёт соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда эканини таъкидлади.

   Адабиётшуносларнинг  фикрича,  устоз Ўткир Ҳошимовнинг  

"Чўл ҳавоси» ,  «Одамлар нима деркин», «Шамол эсаверади», «Қалбингга қулоқ сол» , «Баҳор қайтмайди» , «Дунёнинг ишлари»,  «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» каби асарлари адабиёт мухлисларига яхши маълум.  Ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» , «Виждон дориси», «Тўйлар муборак», «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифидир.  «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»  китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.

 –-Давлатимиз раҳбарининг Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлашга оид қарори чиққан кун наинки оиламиз, бутун мамлакатимиз учун байрамга айланди, – деди Ўткир Ҳошимовнинг умр йўлдоши, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳибаси Ўлмасхон Ҳошимова. – Бундай эзгу ташаббус давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлига меҳр ва эътиборидан яна бир далолатдир. Ўткир Ҳошимов ҳақиқатни, одамларнинг дарду ташвишини ўз асарларида акс эттирарди.

   Халқимизнинг ардоқли адиби хонадонида ажиб хотира лавҳи пайдо бўлди. Рассом Шерзод Қурязов томонидан ишланган хотира барельефи бу хонадонда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов яшаганидан мўъжаз  ишора бериб турибди.

[gallery-3579]

Назокат Усмонова, ЎзА